Исломобод шаҳрида Ўзбекистон-Покистон бизнес-форуми ўтказилди
Май 29, 2025. 10:53 • 3 дақ
• 80
ИСЛОМОБОД, 29 май. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан Исломобод шаҳрида Ўзбекистон-Покистон бизнес-форуми ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Форумда Покистон Савдо-саноат палаталари федерацияси президенти Атиф Икрам Шайх ва Равалпинди Савдо-саноат палатаси раҳбари Усман Шавкат, шунингдек, фармацевтика, қурилиш материаллари, тери ва жунни қайта ишлаш, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати соҳаларида фаолият юритаётган покистонлик етакчи ишбилармон доира вакиллари ва нуфузли тадбиркорлар иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев кириш нутқи билан очиб берди. Дипломат икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида сўзлади. У Ўзбекистон ва Покистон халқлари ўртасидаги чуқур тарихий, маданий ва маънавий алоқаларнинг стратегик шерикликни мустаҳкамлашдаги ўрнига урғу берди.
Элчи Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва мамлакатимизнинг халқаро ҳамкорликка очиқлигига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, покистонлик тадбиркорларни Ўзбекистоннинг янги соҳаларидаги имкониятларни ўрганишга чақирди.
Юртимиз расмий вакили таъкидлаганидек, Ўзбекистон Покистонни стратегик ҳамкор – Жанубий Осиёга дарвоза, деб билади. "Ўзбекистон Покистоннинг яқин ҳамкори. Бироқ, ҳозирги 400 миллион долларлик савдо айланмаси бизнинг салоҳиятимизни тўлиқ акс эттирмайди. Биз бу кўрсаткични беш баробар оширишимиз мумкин", – деди дипломат.
Маърузада, шунингдек, икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик учун устувор бўлган бир қатор соҳаларга тўхталиб, қишлоқ хўжалиги ва агросаноат, тўқимачилик ва терини қайта ишлаш саноати, энергетика, хусусан, қайта тикланувчи энергия, фармацевтика, туризм, логистика ва транспорт инфратузилмаси, омборхоналар, таъминот занжирлари ва минтақавий боғлиқлик тармоқларини истиқболли ҳамкорлик йўналишлари сифатида қайд этилди.
"Uzbekistan Airways" авиакомпанияси бугунги кунда ҳафтасига икки марта "Тошкент-Лаҳор" йўналишида парвозларни амалга оширилаётгани, 14 июндан бошлаб "Тошкент-Исломобод" йўналишида ҳам авиақатновлар бошланиши маълум қилинди. Шу боис Покистон авиакомпанияларига ҳам Ўзбекистонга янги рейсларни йўлга қўйиш таклифи билдирилди.
Покистон Савдо-саноат палаталари федерацияси президенти Атиф Икрам Шайх ўз чиқишида, Покистонда Ўзбекистон билан савдо муносабатларини янада чуқурлаштиришга улкан қизиқиш мавжудлигини таъкидлади.
– Икки давлат ўртасидаги савдо-инвестиция имкониятлари ҳали тўлиқ ишга солинмаган, – деди у. – Марказий Осиё билан саноат ва савдо ҳамкорлигини кенгайтириш зарур. Икки мамлакат бизнес вакиллари ўртасида амалий алоқаларни кучайтириш ва савдо ҳажмини сезиларли даражада ошириш учун аниқ қадамлар керак.
Равалпинди Савдо-саноат палатаси раҳбари Усман Шавкат ўз нутқида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш зарурлигини билдириш баробарида, Марказий Осиёдаги улкан салоҳиятдан самарали фойдаланиш, икки томонлама савдо ҳажмини ошириш ва тадбиркорлар ўртасида яқин ҳамкорликни таъминлаш муҳимлигига эътибор қаратди.
– Покистон ва Ўзбекистон тадбиркорлари ўртасида доимий мулоқот ва тажриба алмашиш учун аниқ механизмлар яратиш зарур. Шу мақсадда, жорий йилнинг июнь-июль ойларида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига палатамиз бизнес-делегациясининг ташрифини режалаштиряпмиз, – деди Усман Шавкат.
Форум доирасида Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий салоҳияти, ривожланаётган саноати, либераллаштирилаётган бизнес муҳити, иқтисодий ислоҳотлар ва эркин иқтисодий зоналарда хорижий инвесторлар учун яратилган катта имкониятлар ҳамда имтиёзларга доир махсус тақдимот ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистондаги "Нукус", Бухородаги "Алабуга", Хоразмдаги "Ҳазорасп" эркин индустриал зоналарида хорижий инвесторлар учун берилаётган қулайликлар, фармацевтика, тери ва жунни қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, қурилиш материаллари соҳаларида мавжуд имкониятлар ва истиқболли лойиҳалар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Форум интерактив савол-жавоб сессияси билан якунланди. Иштирокчиларнинг бозорга кириш, божхона тартиблари, инвестиция кафолатлари, молиялаштириш имкониятлари, логистика, ҳуқуқий база, бизнес регуляторлар ва соҳалар бўйича ҳамкорлик масалаларига оид саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Йиғилганлар форумни ўз вақтидаги ўтказилган амалий ташаббус сифатида баҳолаб, стратегик аҳамиятга эга тармоқларда экспорт ва импортни кенгайтириш ҳамда қўшма лойиҳаларни ўрганиш бўйича аниқ таклифларни ўртага ташлади.
– Бу форум шунчақи нутқлар билан якунланмаслиги керак. У янги сафарни, ўзаро ташрифларни, манфаатли қўшма лойиҳаларни бошлаб бериши зарур. Биз дўст, биродар, ҳамкор сифатида сизларга ҳар бир қадамда ёрдам беришга тайёрмиз. Келинг, бугунги тадбиримиз ҳамкорлигимиз тарихида янги босқични бошлаб берсин, – деди Ўзбекистон элчиси тадбирнинг якуний қисмидаги нутқида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилади