Logo

Покистоннинг Карачи шаҳрида Ўзбекистон саноат маҳсулотлари намойиш этилди

Август 05, 2025. 17:55 • 2 дақ

69
Покистоннинг Карачи шаҳрида Ўзбекистон саноат маҳсулотлари намойиш этилди

КАРАЧИ, 5 август. /"Дунё" АА/. Покистоннинг Карачи шаҳрида ўтказилган "My Karachi-2025" халқаро кўргазмаси доирасида "Маde in Uzbekistan" ёрлиғи остидаги саноат маҳсулотлари павильони ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур павильон мамлакатимиз элчихонаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг мазкур шаҳардаги вакили Альбина Куртбетдинова ва "Diners Group" компанияси раҳбари Соҳайл Мотен ҳамкорлигида ташкил этилди.

Кўргазмада Синд вилояти губернатори Камран Хан Тессори ва бош вазири Саййид Мурад Али Шоҳ, Покистон Савдони ривожлантириш агентлиги раҳбари Файз Аҳмад, Карачи Савдо-саноат палатаси раиси Муҳаммад Жавед Балвани, маҳаллий ва хорижий тадбиркор, ҳамда дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Иқтисодий тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Синд вилояти губернатори Камран Хан Тессори Ўзбекистон-Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестицион муносабатлар, саноат кооперациясининг мустаҳкамланаётганини алоҳида қайд этди.

Мулозим Ўзбекистон билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва стратегик соҳаларда ҳамкорликни кучайтиришнинг зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, муносабатларни янги поғонага олиб чиқиш учун қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, энергетика, ахборот технологиялари, фармацевтика, туризм ва логистика соҳаларида катта салоҳият мавжудлигига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон павильонида юртимизда ишлаб чиқарилган кимё, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика, электротехника, қурилиш ва чарм-пойабзал маҳсулотлари намойиш этилди.

Карачидаги Ўзбекистон-Покистон савдо уйи фаолияти ва у ерда тақдим этилаётган маҳсулотлар тадбир қатнашчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди.

"Diners Group" компанияси директори, Ўзбекистон-Покистон савдо уйи раҳбари Соҳайл Мотен Ўзбекистонда хорижий сармоя учун яратилган қулай муҳит, қўшма лойиҳалар учун истиқболли йўналишлар ва ҳамкорлик имкониятлари ҳақида тақдимот ўтказди.

Якунда жорий йил сентябрь ойида Синд вилояти тадбиркорлари делегациясининг Ўзбекистонга бизнес-миссиясини ташкил этишга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш