Ўзбекистон элчисининг Даккага ташрифи доирасида Бангладеш билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан амалий қадамлар белгиланди
Ноябрь 30, 2025. 10:32 • 3 дақ
• 382
ДАККА, 30 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Бангладешдаги элчиси (қароргоҳи Деҳли шаҳрида) Сардор Рустамбоев Дакка шаҳрида амалий ташриф билан бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бангладеш Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, мамлакат ҳукумати ва ишбилармон доиралари вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказилди. Мулоқотлар чоғида икки томонлама алоқаларни янги, амалий даражага олиб чиқиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Дипломатик миссия вакиллари Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, шунингдек, мамлакатимизда эришилаётган барқарор ва жадал ижтимоий-иқтисодий ўсиш тўғрисида батафсил маълумот тақдим этди.
Бангладеш мамлакат ташқи ишлар вазири ўринбосари Назрул Ислом билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон-Бангладеш муносабатларининг ижобий ривожланиш суръатлари қайд этилди. Ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарининг муовини Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади ва мамлакатимизни Марказий Осиёнинг улкан иқтисодий салоҳиятга эга етакчиси сифатида таърифлади.
Томонлар тўқимачилик саноати, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ва туризмни ҳамкорлик учун устувор йўналишлар сифатида эътироф этди.
Ўзаро манфаатли ришталарни фаоллаштиришнинг асосий омили сифатида икки давлат пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.
Бангладеш яқин келажакда Тошкентда ўтказилиши режалаштирилаётган Ҳукуматлараро комиссиянинг тўртинчи йиғилиши доирасида бизнес-форум уюштириш тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватлади.
Бангладеш Бош вазирининг савдо, тўқимачилик, жут, авиация ва туризм бўйича маслаҳатчиси шайх Башир Уддин билан музокаралар самарали ўтди. У тўқимачилик соҳасида тўплаган бой тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳаётга тадбиқ этилаётган янгиланиш жараёнига, айниқса, тўқимачилик соҳасидаги ислоҳотларга катта қизиқиш билдирди.
Ўзбекистоннинг стратегик жойлашувини алоҳида таъкидлаб, мамлакатимиз Россия ва Европа бозорларига чиқишга интилаётган Бангладеш компаниялари учун муҳим ишлаб чиқариш ва транзит хабига айланиши мумкинлигини қайд этди.
Шайх Башир Уддин жиддий ва амалий ниятлар ифодаси сифатида Бангладешнинг етакчи компаниялари делегациясига бошчилик қилиб, 2026 йилда Ўзбекистонга сафар қилишга тайёрлигини тасдиқлади.
Ўзбекистон элчихонаси Дакка шаҳрида мамлакатимизнинг иқтисодий ва инвестицион салоҳияти тақдимотини ташкил этди. Тадбирда Бангладеш савдо вазири ўринбосари Маҳбубур Раҳмон, шунингдек, етакчи савдо-саноат палаталари ва йирик компаниялар раҳбарлари қатнашди.
Иштирокчилар тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларида қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятлари, шунингдек, Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган шароитларга катта қизиқиш билдирди.
Бангладеш ишбилармон доиралари вакиллари 2026 йил Ўзбекистонга бизнес-сафар уюштириш ниятида эканини маълум қилди.
Даккага сафар натижалари Ўзбекистон-Бангладеш муносабатларини амалий қўшма лойиҳалар шакллантириш ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг сезиларли ўсишига эришиш учун мустаҳкам пойдевор яратди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси