Logo

Шри-Ланкада Ўзбекистоннинг инвестициявий ва экспорт салоҳияти тақдимоти ўтказилди

Июль 26, 2025. 08:09 • 2 дақ

63
Шри-Ланкада Ўзбекистоннинг инвестициявий ва экспорт салоҳияти тақдимоти ўтказилди

КОЛОМБО, 26 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Шри-Ланкадаги элчиси (қароргоҳи Исломобод шаҳрида жойлашган) Алишер Тўхтаев Коломбо шаҳрига ташрифи давомида "National Business Excellence Awards 2025" тадбирида иштирок этди ва мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"National Business Excellence Awards 2025" тадбири Шри-Ланканинг етакчи ишбилармонлик платформаларидан бири – Миллий савдо-саноат палатаси (МСПП) томонидан ҳар йили ташкил этиладиган ва мамлакатнинг энг нуфузли анжуманларидан бири ҳисобланади. Ушбу тадбир хусусий сектор ютуқларини эътироф этиш, корпоратив маданиятни мустаҳкамлаш ва миллий иқтисодиётнинг асосий тармоқларини рағбатлантириш мақсадида ўтказилади.

Бу галги маросимда 600 дан ортиқ йирик ва ўрта бизнес вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, БРИКС, АСЕАН ва Форс кўрфази мамлакатлари элчилари иштирок этди.

Элчи Алишер Тўхтаев Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий, саноат, инвестициявий ва экспорт салоҳиятига бағишланган тақдимотида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қулай ва рақобатбардош бизнес муҳитини шакллантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, солиқ ва божхона имтиёзлари, эркин иқтисодий зоналар, логистика имкониятлари ва минтақавий бозорларга чиқиш каби масалаларга урғу берди.

Шунингдек, тақдимотда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган рақамлаштириш, инфратузилмани модернизация қилиш, инновацион тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича тадбир иштирокчиларига батафсил маълумот берилди. Ўзбекистонда хорижий шериклар учун очиқ, узоқ муддатли ҳамкорликка интилувчи янги ишбилармонлик муҳити шакллангани алоҳида таъкидланди.

Тадбир давомида Ўзбекистон элчиси Шри-Ланка МСПП президенти Анура Варнакулассурия, цейлон чойи ва зираворлар ишлаб чиқариш, тўқимачилик, каучукни қайта ишлаш, мотоцикл ва бутловчи қисмлар саноати соҳаларида фаолият юритаётган етакчи компаниялар раҳбарлари билан алоҳида учрашувлар ўтказди.

Музокаралар натижасида, яқин келажакда Шри-Ланка МССП делегациясининг юртимизга сафарини ташкил этиш, қўшма бизнес-форум ўтказиш, уларни Тошкент ва мамлакатимиз ҳудудларидаги саноат зоналаридаги имкониятлар билан таништириш, хорижий ҳамкорлар иштирокида учинчи давлатларга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини йўлга қўйиш каби бир қатор амалий келишувларга эришилди.

Шри-Ланка компаниялари вакиллари ўзбекистонлик шериклар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда Ўзбекистон орқали Марказий Осиё бозорларига чиқиш имкониятларини ўрганиш мақсадида Тошкент ва вилоятларга тажриба тариқасида ўз вакилларини юборишга тайёр эканликларини билдиришди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш