Ўзбекистон ва Сурия ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириб, янги қўшма лойиҳаларни тайёрламоқда
Сентябрь 07, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 43
ДАМАШҚ, 7 сентябрь. /“Дунё” АА/. Дамашқда Сурия савдо палаталари иттифоқи ҳамда иқтисодиётнинг турли тармоқларида фаолият юритувчи 20 га яқин суриялик ишбилармон доира вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур учрашув жорий йилнинг февраль ойида Бухорода бўлиб ўтган Ўзбекистон–Сурия бизнес-форумида бошланган мулоқотнинг мантиқий давоми бўлди.
Томонлар эришилган келишувларни амалга ошириш ва икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.
Озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, электротехника, енгил саноат ва бошқа истиқболли йўналишларда тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Сурия вакиллари мамлакатни тиклаш жараёнлари муносабати билан қурилиш материалларига талаб юқори эканини қайд этиб, Ўзбекистоннинг қурилиш ва девелоперлик компаниялари билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини билдирди. Шунингдек, электротехника ва енгил саноат маҳсулотлари савдосини кенгайтириш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Ҳалабдаги Ўзбекистон савдо уйининг имкониятларидан фойдаланиш ва Суриянинг бошқа ҳудудларида ҳам шундай савдо майдончаларини яратиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Суриялик тадбиркорлар кузда Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон–Сурия ҳукуматлараро комиссиясининг биринчи йиғилиши доирасидаги бизнес-форумда иштирок этишга таклиф қилинди.
Учрашув якунида томонлар тўғридан-тўғри алоқаларни мунтазам йўлга қўйиш, ўзаро бизнес-миссияларни ташкил этиш, тадбиркорларнинг икки мамлакатда ўтказиладиган халқаро кўргазма ва ярмаркалардаги иштирокини кенгайтириш ҳамда аниқ савдо ва инвестиция лойиҳалари устидаги ишларни фаоллаштиришга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси