Италиянинг Апулия ҳудуди ишбилармонлари Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдирмоқда

Сентябрь 25, 2026. 17:30 • 2 дақ

• 150
Италиянинг Апулия ҳудуди ишбилармонлари Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдирмоқда

БАРИ, 25 сентябрь. /“Дунё” АА/. Бари шаҳрида мамлакатимизнинг Италиядаги элчихонаси ташаббуси билан “Ўзбекистон диққат марказида” мавзусида тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур учрашув Апулия ҳудуди администрацияси ҳамда Савдо-саноат палаталари уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда Апулиянинг юзга яқин компанияси вакиллари иштирок этиб, Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти, амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар ва истиқболли йўналишлар ҳақида маълумот олди.

Мамлакатимиз элчиси Абат Файзуллаев Ўзбекистон–Италия муносабатлари изчил ривожланаётганини таъкидлаб, италиялик ишбилармонларга юртимизда тадбиркорлар учун яратилаётган янги имкониятлар ҳақида сўз юритди.

Шунингдек ўқинг

Апулия ҳудуди вакиллари ҳам Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдирди. Хусусан, Савдо-саноат палатаси президенти Винченцо Чезаро ҳамда Апулия ҳудуди иқтисодиёт вазири Эуженио ди Шиашо мамлакатимизнинг минтақадаги муҳим иқтисодий ўрни ва бизнес учун яратилаётган шароитларга эътибор қаратди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Апулия компаниялари учун Марказий Осиё бозорига чиқишда муҳим ҳамкорга айланиши мумкин. Мамлакатнинг минтақадаги ўрни, бозор имкониятлари ва бизнес юритиш учун яратилаётган шароитлар бу қизиқишни янада оширмоқда.

Мулоқот давомида томонлар жорий йилнинг ноябрь ойида Апулия тадбиркорларининг Ўзбекистонга бизнес миссиясини ташкил этиш бўйича келишувга эришди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш