Зомин туманида "Жиззах–2025" халқаро бизнес-форуми бўлиб ўтмоқда
Апрель 23, 2025. 20:27 • 2 дақ
• 185
ЗОМИН, 23 апрель. "Дунё" АА/. Бугун Зомин туманида "Жиззах – 2025" халқаро бизнес-форумининг биринчи иш куни муваффақиятли бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Мазкур бизнес-форум Жиззах вилоятининг инвестицион жозибадорлигини намойиш этиш, халқаро ва маҳаллий тадбиркорлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, янги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилиш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида уюштирилди.
Форум Жиззах вилояти ҳокимлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги ва қатор халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида 30 дан ортиқ етакчи ҳамкор давлатлардан 200 дан зиёд етакчи компаниялар раҳбарлари, шунингдек, маҳаллий тадбиркорлар, давлат органлари, ҳамкор ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда.
Иқтисодий анжуман доирасида Жиззах вилоятининг инвестициявий имкониятлари, қишлоқ хўжалиги, саноат, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида лойиҳалар, хорижий инвесторлар учун яратилаётган имтиёзлар ва қулай шарт-шароитлар ҳамда маҳаллий брендлар ва экспорт салоҳиятини ошириш масалалари бўйича тақдимот ва муҳокамалар бўлиб ўтаяпти.
Шунингдек, форум майдонида махсус кўргазмалар, В2В шаклидаги учрашувлар, инвестиция лойиҳаларининг тақдимотлари ташкил этилмоқда. Хорижий меҳмонлар Зомин туманининг бетакрор табиати ва сайёҳлик салоҳияти билан ҳам танишадилар.
Ташкилотчиларга кўра, "Жиззах–2025" халқаро бизнес-форуми вилоятни глобал иқтисодий ҳамкорликнинг янги босқичига олиб чиқишда муҳим платформа вазифасини ўтайди.
Бундан ташқари, Жиззах вилоятининг катта хомашё захиралари, қулай логистика инфратузилмаси, бой табиий ресурслари, ривожланаётган туризм сектори ва юқори инсон капитали каби устунликларини намоён этиш билан бирга, вилоятнинг хорижий ҳамкорлар билан инвестициявий ва савдо-иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
"Жиззах – 2025" халқаро бизнес-форуми 24 апрель куни ўз ишини давом эттиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси