Logo

Ҳиндистоннинг етакчи шифохонаси Ўзбекистонда замонавий тиббиёт маркази барпо этади

Август 15, 2025. 07:31 • 3 дақ

119
Ҳиндистоннинг етакчи шифохонаси Ўзбекистонда замонавий тиббиёт маркази барпо этади

ДЕҲЛИ, 15 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси ва Ҳиндистон Глобал савдо ва технология кенгаши (Global Trade & Technology Council of India - GTTCI) томонидан инвестициялар, тиббиёт, фармацевтика ва таълим соҳаларидаги ўзаро муносабатларга бағишланган бизнес-форум ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Халқаро тадбирда Ҳиндистоннинг 100 дан зиёд компанияси вакиллари иштирок этди.

GTTCI раиси Рашми Салужа Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик ҳақида батафсил маълумот тақдим этди. Ҳиндистон делегациясининг IV Тошкент халқаро инвестиция форумидаги иштироки доирасида эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистонда инвестициявий фаолият юритиш, қўшма корхоналар барпо этиш, учинчи мамлакатларга маҳсулотлар ва хизматлар экспорт қилиш амалиёти билан шуғулланиш учун яратилган жозибадор муҳитга урғу берилди.

Анжуман иштирокчилари эътибори тиббиёт, фармацевтика ва таълим йўналишларида олиб борилаётган шериклик муносабатларига қаратилди. Хусусан, Ўзбекистонда ташкил этилган махсус фармацевтика эркин иқтисодий ҳудудлари, давлат раҳбари ташаббуси ижроси доирасида Андижон вилоятида Ҳиндистон билан биргаликда тиббиёт таълимини ривожлантириш учун барпо қилинган махсус ҳудуд икки мамлакат ўртасида иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш учун янги ва истиқболли имкониятлар очиб бергани қайд этилди.

Элчихона томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижалари, тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш, чет эл компанияларнинг инвестициявий фаолияти учун тақдим этилаётган қулай муҳит ва шароитлар, имтиёз ва преференциялар тизими ҳақида сўзлаб берилди.

Халқаро форумда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида олий таълим соҳасидаги янги лойиҳалар тақдим этилди. Хусусан, Қўқон университетининг Андижон филиали, GTTCI ва Ҳиндистоннинг етакчи тиббий клиникаларидан бири – Сир Ганга Рам шифохонаси ҳамкорлигида ҳинд ёшларининг Ўзбекистонда тиббий таълим олишга йўналтириш ва замонавий кўп қиррали ихтисослашган тиббиёт марказини барпо қилиш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақидаги маълумот анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

– Ҳиндистон Глобал савдо ва технология кенгаши Қўқон университети билан ҳамкорлик қилишдан фахрланади, – дейди GTТCI президенти Гаурав Гупта. – Бизнинг асосий мақсадимиз Ўзбекистонда замонавий тиббиёт марказини шакллантиришга кўмаклашиш, ёшларга сифатли тиббий таълим олиш учун қулай шароит яратишдир.

Ушбу лойиҳа доирасида жорий йил Андижонга ҳиндистонлик минг нафарга яқин йигит-қизларни жалб қилиш ҳамда яқин келажакда Сир Ганга Рам шифохонасининг замонавий мажмуасини фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Шу мақсадда Қўқон университети ва GTTCI ҳамда GTTCI ва Сир Ганга Рам шифохонаси ўртасида тегишли меморандумлар имзоланган. Шунингдек, жорий йил июль ойида Ҳиндистон шифохонаси делегацияси Қўқон ва Андижон шаҳарларида бўлиб, бўлажак тиббиёт маркази барпо этиладиган ҳудудлар билан яқиндан танишди ва дастлабки музокараларни муваффақиятли тарзда ўтказди.

– Зиммамизга қандай масъулият олаётганимизни тўлиқ англаймиз, - дейди GTTCI раиси Рашми Салужа. – Бу мамлакатларимиз талаба ёшлари учун илғор имкониятлар ва ягона экотизимни шакллантириш масъулиятидир. Энг муҳими, улар биргаликда таълим олади, меҳнат қилади ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади.

Бизнес-форум доирасида, шунингдек, Ҳиндистон компаниялари вакиллари билан Ўзбекистонда янги бизнес лойиҳаларни амалга ошириш, инвестициялар жалб қилиш ва мамлакатимиз маҳсулотларининг экспорт ҳажмини кўпайтиришга қаратилган музокаралар ўтказилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш