Францияда Янги Тошкент инфратузилма лойиҳалари тақдимот қилинди

Ноябрь 04, 2026. 17:30 • 2 дақ

• 226
Францияда Янги Тошкент инфратузилма лойиҳалари тақдимот қилинди

ПАРИЖ, 4 ноябрь. /“Дунё” АА/. Франция пойтахтида “Paris Infraweek 2026” халқаро форуми доирасида Ўзбекистоннинг транспорт тизимини модернизация қилиш ва хусусий инвестицияларни жалб этишга қаратилган, умумий қиймати 15 миллиард доллардан ортиқ бўлган еттита инфратузилма лойиҳаси тақдим этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Марказий Осиёда транспорт соҳасида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) ва инвестиция имкониятларига бағишланган халқаро форум Франциянинг “Expertise France” агентлиги ва “Herbert Smith Freehills Kramer” халқаро юридик компанияси томонидан ташкил этилди.

Муҳокамаларда Марказий Осиё давлатлари давлат идоралари, халқаро молия институтлари, инвестиция фондлари ва инфратузилма компаниялари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон номидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Транспорт вазирлиги ва мамлакатимизнинг Франциядаги элчихонаси ходимлари иштирок этди.

Иштирокчилар Ўзбекистон ҳудудлари ва Янги Тошкентдаги истиқболли инфратузилма ва шаҳарсозлик лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратди. Хорижий капитални жалб қилиш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва ДХШ механизмларини қўллаш имкониятлари муҳокама қилинди.

Шунингдек ўқинг

Лойиҳаларни молиялаштириш, инвестиция ва операцион хатарларни тақсимлаш, давлат-хусусий шериклик ва концессия механизмларини қўллаш масалалари ҳам муҳокамаларнинг алоҳида йўналишини ташкил этди.

Форум доирасида Ўзбекистон делегацияси “Proparco”, “Rothschild & Co.”, Франция тараққиёт агентлиги, “Bpifrance”, “Meridian”, Жаҳон банки ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳамда салоҳиятли инвесторлар вакиллари билан B2G форматида икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Музокараларда Янги Тошкентдаги истиқболли транспорт лойиҳалари, инфратузилма ташаббусларини молиялаштириш ва амалга оширишда ҳамкорлик қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.

2–6 ноябрь кунлари Парижда бўлиб ўтаётган “Paris Infraweek” ўнинчи форуми транспорт, энергетика ва бошқа стратегик соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида давлат органлари, халқаро молия институтлари, банклар, инвестиция фондлари ва инфратузилма компаниялари вакилларини бирлаштирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш