Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳрида ўзбек, немис ва турк ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ташкил этилди
Декабрь 22, 2023. 08:22 • 2 дақ
• 898
ФРАНКФУРТ-МАЙН, 25 декабрь. /«Дунё» АА/. Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳрида ўзбек, немис ва турк ишбилармон доиралари вакиллари учун бизнес-форум ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Иқтисодий тадбир мамлакатимизнинг Франкфурт-Майндаги Бош консуллиги томонидан «MÜSIAD Hessen e.V.» тадбиркорлар уюшмаси, Ханау шаҳар Савдо-саноат палатаси ва «UZBIC» Ўзбекистон бизнес ва саноат кенгаши нодавлат ташкилоти билан биргаликда ўтказилди.
Унда уч давлатнинг етакчи корхоналари ўртасида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича «Ўзбекистон-Туркия-Германия» форматидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, ўзбек маҳсулотларини Германия бозорига экспорт қилиш ҳажмини ошириш масалалари хусусида фикр алмашилди.
Ўзбекистон бош консули Олимжон Абдуллаев форумнинг очилиш қисмидаги нутқида иштирокчиларни Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, хорижий инвесторларга учун тақдим этилаётган имтиёзлар билан таништирди. Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида Германия ва Туркия билан билан савдо-иқтисодий ва дўстона алоқаларни янада жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани таъкидланди.
Форум давомида «UZBIC» аъзолари ҳамда етакчи немис ва турк компаниялари ўртасида «В2В» форматида музокаралар ташкил этилди. Томонлар конструктив мулоқот ўрнатиш, гастрономия, тўқимачилик саноати, логистика, қурилиш ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг аниқ йўналишларини белгилаб олдилар.
Бўлиб ўтган музокаралар натижасида томонлар Ўзбекистондан трикотаж, косметика, қуритилган мева ва сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тўғрисида дастлабки келишувларга эришдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси