Ўзбекистон делегацияси Швециянинг етакчи саноат компаниялари фаолияти билан танишди
Март 11, 2026. 09:42 • 2 дақ
• 109СТОКГОЛЬМ, 11 март. /«Дунё» АА/. 9–10 март кунлари Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда йирик кон-металлургия корхоналари вакилларидан иборат делегация Швециянинг Эребро, Эскилстуна ва Вестерос шаҳарларида жойлашган етакчи саноат компанияларига амалий ташриф амалга оширди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Маълумки, тоғ-кон ва муҳим металларни чуқур қайта ишлаб чиқаришга ихтисослашган юқори технологиялар ва инновацион ечимлар борасида Швеция глобал етакчи компанияларга эга.
Ташриф доирасида делегация “Epiroc”, “Volvo Construction Equipment” ҳамда “ABB” компанияларининг ишлаб чиқариш қувватлари ва инновацион технологиялари билан танишди.
Жумладан, замонавий бурғулаш ва ерости кончилик техникаси, кончилик жараёнларини автоматлаштириш, рақамли мониторинг тизимлари ҳамда энергия самарадор саноат ечимлари тақдим этилди. Делегация шунингдек, “Kvarntorp Test Mine” синов кон полигонида замонавий кончилик ускуналарининг амалий намойишини кузатди.
Учрашувлар давомида Ўзбекистонда кончилик ва саноат соҳасини модернизация қилиш, илғор технологияларни жорий этиш ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



