Logo

Ўзбекистон заргарлик буюмлари Малайзия бозорига чиқарилади

Февраль 25, 2026. 12:53 • 56 сония

81
Ўзбекистон заргарлик буюмлари Малайзия бозорига чиқарилади
Ўзбекистон заргарлик буюмлари Малайзия бозорига чиқарилади

КУАЛА-ЛУМПУР, 25 февраль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз дипломатлари Малайзиянинг энг йирик заргарлик холдинглари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқотлар давомида Малайзиянинг заргарлик соҳасидаги етакчи тузилмалари — “Habib Jewels” компанияси бош менежери Хелен Мак ва “Tomei Consolidated Berhad” гуруҳи ижрочи директори Нг Йи Пинг билан истиқболдаги ҳамкорлик режалари муҳокама қилинди. Хорижий томонга Ўзбекистон заргарлик саноатида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, маҳаллий брендларнинг экспорт салоҳияти ва соҳада инвесторлар учун яратилган имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

“Tomei Consolidated Berhad” холдинги раҳбари Нг Йи Пинг Ўзбекистонда заргарлик санъатининг жадал ривожланишини юқори баҳолади. Тадбиркорнинг қайд этишича, Малайзия бозорида асосан 20 ва 22 каратли (833 ва 916 пробали) олтин буюмларига талаб юқори. Шу боис, компания Ўзбекистондан юқори пробали ва миллий услуб билан уйғунлашган замонавий тақинчоқларни импорт қилиш масаласини атрофлича кўриб чиқмоқда.

Музокаралар якунида ўзбекистонлик заргарлар учун Малайзиядаги чакана савдо тармоқлари фаолияти билан яқиндан танишиш ва халқаро кўргазмалар доирасида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришилди. Бу каби алоқалар “Янги Ўзбекистон” бренди остидаги заргарлик маҳсулотларининг Жануби-Шарқий Осиё бозорларида мустаҳкам ўрин эгаллашига хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш