Logo

Япон компанияси билан тўқимачилик ва заргарлик йўналишида истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга келишилди

Декабрь 27, 2024. 07:07 • 2 дақ

182
Япон компанияси билан тўқимачилик ва заргарлик йўналишида истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга келишилди

ТОКИО, 27 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Япониянинг "Motherhouse Co., Ltd." компанияси президенти ва бош дизайнери Эрико Ямагучи билан музокаралар олиб борди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашув давомида япон томонига юртимизга тўқимачилик, чармчилик ва заргарлик йўналишларини ривожлантириш, анъанавий ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсати, шарт-шароитлар ва имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Эрико Ямагучи жорий йилнинг ноябрь ойида Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг таклифига кўра Ўзбекистонга ташриф буюрганлиги, унинг давомида Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси тингловчилари учун махсус маъруза ўқиганлиги, шунингдек, Фарғона вилоятидаги ипакчилик, чармчилик ва кулолчилик устахоналари фаолияти билан танишганлигини маълум қилди. "Ўзбекистоннинг анъанавий ҳунармандчилиги ўзининг бой тарихи ва ўзига хослиги менда ажойиб таассурот қолдирди ва янги лойиҳаларга амалга оширишга илҳомлантирди", - деди Эрико Ямагучи.

Учрашув якунида Ўзбекистоннинг тўқимачилик, чармчилик ва заргарлик бўйича салоҳиятини янада кенгроқ ўрганиш учун "Motherhouse Co., Ltd." компанияси вакилларининг юртимизга ташрифини амалга ошириш ҳамда ёш тадбиркор ва ҳунармандлар учун онлайн маҳорат дарсларини ташкил қилишга келишиб олинди.

"Motherhouse Co., Ltd." компанияси 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, ривожланаётган давлатларда тўқимачилик, чармчилик ва заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва жаҳон бозорида сотиш қилиш билан шуғулланади. Компаниянинг Бангладеш, Непал, Индонезия, Шри-Ланка, Ҳиндистон ва Мьянмада фабрика ва заргарлик устахоналари, шунингдек, Японияда 46 та, Тайванда – 4 та Сингапурда – 2 та савдо дўконлари мавжуд.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш