Лю Шенчен: Ўзбекистон етакчисининг нутқи инвесторларга аниқ стратегик йўналиш белгилаб берди
Июнь 18, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 111
ТОШКЕНТ, 18 июнь. /“Дунё” АА/. Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган V Тошкент халқаро инвестиция форумида қатнашаётган “China CAMC Engineering” компанияси вице-президенти Лю Шенчен “Дунё” АА мухбирига эксклюзив интервью берди.
– Компаниямиз бир неча йилдан буён Тошкент халқаро инвестиция форумида узлуксиз иштирок этиб келмоқда. Биз ушбу анжуманни инвестициявий фаолият ва бизнес ҳамжамиятининг ривожланиши учун аниқ йўналишларни белгилаб берадиган, пухта ташкил этилган платформа деб биламиз. Шунингдек, биз Ўзбекистонни юксак қадрлаймиз ва уни бизнесни ривожлантириш ҳамда кенгайтириш имкониятлари мавжуд, қулай сармоявий муҳитга эга мамлакат сифатида кўрамиз.
Очилиш маросими ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқи менда катта таассурот қолдирди. Ҳар гал Президент нутқи мамлакатнинг инвестициявий ривожланишидаги устувор йўналишларни аниқ-равшан белгилаб берувчи ва рағбатлантирувчи манба сифатида қабул қилинади.
Давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган қарашлар инвесторларга стратегик йўналишни теранроқ англашга ёрдам беради ва лойиҳаларни амалга оширишга бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Ўзбекистон ҳукуматининг қўллаб-қувватлаши ва кўмаги туфайли инвестицияларнинг барқарорлиги ва ҳимояланганлиги ҳисси вужудга келади, бу эса халқаро бизнес учун муҳим омилдир.
Биз Ўзбекистондаги фаолиятимиз доирасида маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқарадиган иккита станция лойиҳасини амалга оширдик. Уларнинг самарадорлиги ижобий баҳоланмоқда ва келаси йилдаёқ электр энергияси ишлаб чиқаришни бошлаши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Олимпия шаҳарчаси лойиҳаси ҳам муваффақиятли якунланди. Лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида бизга марказий ва маҳаллий ҳокимият идоралари томонидан салмоқли ёрдам кўрсатилди ва бунинг учун ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси