Амир Хон Муттақий: Афғонистон Марказий Осиёга ҳамкорлик қўлини чўзмоқда

Июнь 18, 2026. 14:30 • 5 дақ

89
Амир Хон Муттақий: Афғонистон Марказий Осиёга ҳамкорлик қўлини чўзмоқда

КОБУЛ, 18 июнь. /“Дунё” АА/. 16 июнь куни Кобулда Афғонистон, Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон таҳлилий марказларининг илк форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти маълумотига кўра, тадбир Афғонистон Ташқи ишлар вазирлигининг Стратегик тадқиқотлар маркази томонидан ташкил этилди. Форумда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Афғонистоннинг академик ҳамжамияти, тадқиқот институтлари ва таҳлилий марказлари вакиллари иштирок этди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик, транспорт-транзит боғлиқлигини ривожлантириш, инвестициявий ҳамкорлик, иқлим муаммолари, минтақавий хавфсизлик ва давлатлараро мулоқотни экспертлар кўмагида қўллаб-қувватлашни кучайтириш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Форумни очар экан, Афғонистон ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий Кобулнинг минтақавий ҳамкорлик келажаги борасидаги қарашларини тақдим этди. Унга кўра, замонавий халқаро тартиб қарама-қаршиликлар ва рақобатлашувчи ёндашувлар билан бир қаторда давлатларнинг жамоавий ҳамкорлик ва кўп томонлама ўзаро алоқаларга интилиши кучайиб бораётган “нозик бир тарихий босқич”ни бошдан кечирмоқда. Шу шароитда, ТИВ раҳбарининг таъкидлашича, имкониятларни излаш ва ўзаро манфаатдорликка асосланган прагматик ёндашув туфайли Афғонистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон билан муносабатлари “ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ мустаҳкамланди ва кенгайди”.

“Бугун биз бу ерга шунчаки мамлакатларимиз вакиллари сифатида эмас, балки ягона географик маконнинг интеллектуал бошқарувчилари сифатида йиғилдик”, - деди Амир Хон Муттақий. Унинг сўзларига кўра, Афғонистон Марказий Осиёга асосий ҳамкор сифатида қарайди ва барча йўналишларда ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор. “Турли соҳаларда келажакдаги ҳамкорлигимизнинг амалий ва кенг қамровли йўл харитасини ишлаб чиқиш зарур”, - деди вазир.

Унинг нутқида Кобулнинг минтақа давлатлари билан янада яқин ҳамкорликка очиқлиги ва минтақавий жараёнларнинг масъулиятли иштирокчиси бўлишга тайёрлиги яққол намоён бўлди. Муттақий биринчи Афғонистон-Марказий Осиё маслаҳат мулоқотининг муваффақиятли ўтказилиши келгусидаги яқинлашув учун муҳим сиёсий асос яратганини, бироқ кейинги қадам сиёсий келишувларни амалий лойиҳалар ва ечимларга айлантира оладиган барқарор эксперт механизмларини шакллантириш бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Нутқда иқтисодий ўзаро боғлиқлик мавзусига алоҳида эътибор қаратилди. Афғонистон дипломатияси раҳбари Афғонистонни “Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги табиий боғловчи кўприк” деб атади ҳамда Кобулнинг CASA-1000, TAPI газ қувури, TAP лойиҳаси, Ложувард йўлаги ва Трансафғон темир йўли лойиҳаларини илгари суришдан манфаатдор эканини тасдиқлади. Тадқиқот марказлари ушбу ташаббусларнинг иқтисодий афзалликларини очиб беришда ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши мумкинлиги таъкидланди.

Шунингдек ўқинг

Вазир умумий муаммоларга алоҳида эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, иқлим ўзгариши, сув ресурслари тақчиллиги, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, шунингдек, можаролар оқибатлари иқтисодиёт, транспорт алоқалари, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигига таъсир кўрсатмоқда. “Бу таҳдидлар сиёсий чегараларни тан олмайди”, - дея таъкидлади Муттақий илмий таҳлил ва эксперт баҳолари асосида жамоавий қарорлар ишлаб чиқиш тарафдори сифатида.

Нутқнинг муҳим қисмини ўз минтақавий кун тартибини шакллантириш ғояси ташкил этди. Афғонистон ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, минтақа мамлакатлари ўз тараққиётининг устувор йўналишларини мустақил белгилаш учун етарли интеллектуал, иқтисодий ва сиёсий салоҳиятга эга. “Имкониятлар, таҳдидлар ва умумий келажагимиз ўзимизнинг, ички қарашларимизга муҳтож”, – дея таъкидлади у. Шу билан бирга, Афғонистон, Марказий Осиё ва Озарбайжон тадқиқотчилари минтақавий жараёнларга мустақил эксперт баҳосини бера олишини ҳамда минтақа давлатлари манфаатларига мос ечимларни таклиф қилиш салоҳиятига эга эканини қайд этди.

“Бугунги кунда минтақамиз тадқиқотчилари ҳудуднинг воқеликлари, имкониятлари ва муаммолари ҳақида ўзлари сўзлаб беришлари ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ”, - дея таъкидлаб, билим алмашинуви, қўшма тадқиқотлар ва доимий экспертлар мулоқотини кенгайтириш тарафдори эканлигини қайд этди вазир.

Муттақи аналитик тузилмалар минтақавий дипломатиянинг муҳим воситасига айланиши мумкинлигига ишонишини билдирди. “Тадқиқот марказлари фақат академик институтлар эмас, улар интеллектуал ҳамкорлар ва минтақавий дипломатиянинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида ҳам фаолият юритиши мумкин”, — деди у. Шу муносабат билан минтақа тадқиқот институтлари ўртасида барқарор ҳамкорлик тармоғини яратиш, қўшма илмий-тадқиқот дастурларини ривожлантириш ҳамда эксперт баҳоларини мунтазам алмашиш таклифи илгари сурилди.

Хулоса қилиб айтганда, Афғонистон ташқи сиёсати раҳбари минтақа келажагини ўзаро ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш билан боғлашини таъкидлади. “Минтақадаги барча давлатлар учун барқарор, фаровон ва хавфсиз келажакка фақат ҳамкорлик, ўзаро ишонч, минтақавий ўзаро боғлиқлик ва умумий манфаатларни англаш орқали эришиш мумкин”, — деди вазир. Шунингдек, у “Афғонистон тадқиқотчилари бошқа давлатлар тадқиқотчиларига илмий ҳамкорлик қўлини чўзмоқда”, дея алоҳида урғу бериб, Кобулнинг Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон билан узоқ муддатли ҳамда ўзаро манфаатли алоқаларга тайёрлигини тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича халқаро Термиз мулоқоти бўлиб ўтган бўлиб, унда минтақа мамлакатларининг эксперт ҳамжамияти, таҳлилий марказлари ва давлат тузилмалари вакиллари ҳам иштирок этган эди. Тадбир доирасида Марказий Осиё ва Афғонистон экспертларининг алоҳида учрашуви бўлиб ўтди, унда минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, транспорт-транзит боғлиқлигини ривожлантириш, хавфсизлик ва иқтисодий шериклик масалалари муҳокама қилинди. Бошқа мавзулар қаторида иштирокчилар Афғонистон, Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон ўртасидаги экспертлар мулоқотини институционаллаштириш йўлидаги муҳим қадам сифатида кўриб чиқилган Кобулда бўлиб ўтадиган Таҳлил марказлари форумининг мазмунли кун тартибини шакллантириш масалаларини ҳам кўриб чиққан эдилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш