Мансур Ол Соний: Биз Ўзбекистонга дунёнинг турли бурчакларидан кўпроқ сармоя жалб қилиш ниятидамиз
Июнь 18, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 163
ТОШКЕНТ, 18 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтаётган V Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этаётган Қатарнинг “MBK Holding” инвестиция компанияси асосчиси ва раиси шайх Мансур бин Халифа Ол Соний “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида форум ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди:
– Қатарнинг “MBK Holding” компанияси асосчиси ва раисиман. Биз глобал миқёсда экотизимлар барпо этамиз ва турли мамлакатларга сармоя киритамиз.
Биз учун ҳақиқатан ҳам муҳим бўлган мамлакатлардан бири – Ўзбекистондир. Биз мамлакатда юксак даражадаги етакчилик остида ислоҳотлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Шу боис, турли соҳаларга сармоя киритиш, жамғармаларни бошқаришни йўлга қўйиш ҳамда дунёнинг турли бурчакларидан Ўзбекистонга янада кўпроқ сармоя жалб қилиш ниятидамиз. Бизнинг асосий эътиборимиз айнан шунга қаратилган.
Қатар ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ўзига хос ва стратегик аҳамиятга эга. Раҳбариятимиз Ўзбекистон билан стратегик шерикликни йўлга қўйишни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шунинг учун биз ҳам шу йўналишда ҳаракат қилишга интилмоқдамиз.
Менимча, Ўзбекистон Марказий Осиёда етакчи ўрин тутади. Мамлакат ишонч ва қатъият асосида ислоҳотларни амалга ошириш салоҳиятини намоён этмоқда. Бу эса халқаро инвесторлар учун катта жозибадорликни юзага келтирди.
Инфратузилма, хусусан, энергетика, таълим, соғлиқни сақлаш ва логистика соҳаларида улкан имкониятлар мавжуд. Биз ушбу соҳаларнинг барчасида илғор инфратузилмага эҳтиёж сезаётган кўплаб ноёб истеъдодлар етишиб чиқаётганини кўряпмиз. Бизнинг диққат марказимизда айнан шу масалалар турибди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси