Ўзбекистон элчихонасида юртимизда бўлиб ўтадиган 58-Халқаро кимё олимпиадаси иштирокчилари билан учрашув ўтказилди

Июль 13, 2026. 19:00 • 2 дақ

188
Ўзбекистон элчихонасида юртимизда бўлиб ўтадиган 58-Халқаро кимё олимпиадаси иштирокчилари билан учрашув ўтказилди

ТОКИО, 13 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида юртимизда бўлиб ўтадиган 58-Халқаро кимё олимпиадасида қатнашувчи Япония терма жамоаси аъзолари, уларнинг устозлари ва кузатувчилари билан учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот давомида меҳмонларга Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ёшларни қўллаб-қувватлаш, илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш ҳамда халқаро академик ҳамкорликни кенгайтириш борасида эришилаётган натижалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Таъкидланганидек, нуфузли Халқаро кимё олимпиадасининг илк бор Ўзбекистонда ўтказилаётгани мамлакатимиз таълим тизимидаги янгиланишлар ва халқаро эътирофнинг яна бир амалий натижасидир. Анжуман доирасида дунёнинг қарийб 100 мамлакатидан 400 нафардан ортиқ иқтидорли ёшлар юртимизга ташриф буюриши режалаштирилган.

Тадбир иштирокчилари учун Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз каби қадимий шаҳарларнинг жозибадор сайёҳлик имкониятларига бағишланган кенг қамровли тақдимот ўтказилди. Шунингдек, юртимизнинг замонавий туристик инфратузилмаси ва ўзбекона меҳмондўстлик анъаналарини акс эттирувчи видеороликлар намойиш этилди.

Тадбир доирасида япониялик ўқувчилар учун “Ўзбекистонни биласизми?” мавзусида интерактив савол-жавоб викторинаси ташкил этилди. Унда япониялик ёшлар юртимиз тарихи, маданияти, географияси ва миллий қадриятларига оид саволларга фаол жавоб бериб, ўз билимларини янада бойитди. Шу билан бирга, олимпиаданинг расмий дастури, иштирокчилар учун яратилган шарт-шароитлар ва ташкил этиладиган маданий тадбирлар ҳақида сўз юритилди.

Учрашув якунида томонлар икки мамлакат ўртасида таълим соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш, умумтаълим муассасалари ўртасида ўқувчилар алмашинувини йўлга қўйиш, фан олимпиадалари ғолибларининг ўзаро ташрифларини уюштириш ҳамда япониялик мактаб ўқувчилари учун Ўзбекистонга танишув саёҳатларини ташкил этиш истиқболларини муҳокама қилди.

Япония терма жамоаси аъзолари ва устозлари Ўзбекистонда ўтадиган 58-Халқаро кимё олимпиадаси юқори савияда ташкил этилишига ишонч билдириб, мамлакатимизга бўлажак ташрифни катта қизиқиш ва интиқлик билан кутаётганини таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш