Logo

Ўзбек халқининг буюк аждодларининг дунё илм-фани ва маданиятига қўшган ҳиссаси Германияда эътироф этилди

Июнь 15, 2025. 13:42 • 4 дақ

138
Ўзбек халқининг буюк аждодларининг дунё илм-фани ва маданиятига қўшган ҳиссаси Германияда эътироф этилди

БЕРЛИН, 15 июнь. /"Дунё" АА/. Берлин шаҳрида "Инновация ва санъат усталари: туркий халқларнинг жаҳон илм-фани ва маданиятига қўшган ҳиссаси" мавзусида халқаро илмий анжуман бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир ТУРКСОЙ ташкилоти томонидан Озарбайжон, Туркия, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг Германиядаги элчихоналари билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда ушбу мамлакат расмий доиралари вакиллари, туркий тилли мамлакатлар элчилари, ТУРКСОЙ ташкилоти раҳбарияти, халқаро ва маҳаллий экспертлар, олимлар ва тадқиқотчилар, Берлин шаҳри жамоатчилиги, диаспора фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.

Расмий очилиш маросимида ТУРКСОЙ бош котиби Султан Раев ҳамда ташкилотга аъзо давлатларнинг Германиядаги дипломатия ваколатхоналари раҳбарлари иштирокчиларни қутлаб, туркий цивилизацияларнинг илм-фан, фалсафа ва санъат соҳаларига қўшган улкан ҳиссасини алоҳида таъкидладилар. Жумладан, мамлакатимиз элчиси Дилшод Ахатов Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ва кўплаб буюк алломаларимиз асрлар давомида дунё илм бешигини тебратгани, уларнинг боқий илмий мероси яқин тарихгача замонавий илм-фан ривожига замин бўлганини алоҳида таъкидлади.

Илмий анжуман илм-фан ва санъат соҳаси бўйича панель сессиялари ва муҳокамалар билан давом этди. Туркий олим ва мутафаккирларининг астрономия, тиббиёт, муҳандислик каби табиий фанлар, шунингдек адабиёт, фалсафа ва санъат сингари гуманитар соҳаларга қўшган ҳиссаси юзасидан маърузалар тингланди. Панель сессиялар сўнггида йиғилганларни қизиқтирган мавзулар бўйича савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Конференцияда иштирок этган олимлар буюк бобокалонимиз Мирзо Улуғбекнинг илмий мероси ва Темурийлар давридаги илм-фан ва маданият тараққиётини дунё илм-фан ҳамда маданиятига қўшган ҳиссаси ҳақида маъруза қилдилар.

Хусусан, Берлин Архенхольд обсерваториясининг илмий ходими Феликс Люнинг буюк фалакиёт илми султони, математик олим ва шоҳ, Темурийлар сулоласи даврида илм-фан ва маданият ривожига беқиёс ҳисса қўшган маърифатпарвар давлат арбоби Мирзо Улуғбекнинг дунё фалакиёт фанига қўшган улкан ҳиссаси ва унинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида тақдимот қилди.

Санъат усталари панелида мамлакатимиз вакили Нилуфар Тўхбоева Амир Темур ва Темурийлар даврида яратилган меъморчилик санъатининг дунё моддий маданий меросидаги аҳамияти ҳақида маъруза қилди. Олима уларни қайта тиклаш ва асраб қолиш бўйича олиб бораётган илмий лойиҳалари билан йиғилганларни таништирди.

Шунингдек, ТУРКСОЙ Миллий чолғу асбоблари оркестри томонидан гала концерт тақдим этилди. Турли туркий халқларнинг анъанавий куй-қўшиқ ва рақслари туркий оламнинг нафақат илм-фан, балки турфа маданият ва санъатини юқори даражада ижро этдилар.

Анжуман доирасида, ТУРКСОЙ ташаббуси билан Туркий давлатлар рассомларининг кўргазмалари ташкил этилди. Хусусан, "Ипак йўли" анъанавий ҳунармандчилик намуналари, "Туркий санъатда аёллар" ва "Туркий руҳ ифодаси" – туркий тилли давлатлар ёш рассомларининг ижодий ишлари кўргазмалари туркий дунёнинг бой маданий меросини кенг жамоатчиликка намойиш этди.

Феликс Люнинг, Берлин Архенхольд обсерваторияси илмий ходими:

– Туркий давлатлар маданиятини Германия кенг жамоатчилигига яқиндан таништириш жуда ажойиб ғоя бўлди. Бу тадбир халқлар ўртасидаги ўзаро тушуниш ва дўстликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади. Анжуман менда катта таассурот қолдирди, туркий халқларнинг дунё илм-фан ва маданиятига ҳисса қўшган алломалари ҳақида жуда кўп менга нотаниш маълумотларни олдим.

Мен буюк аллома ўз даврининг энг етук даҳоси, астроном Мирзо Улуғбек мероси ҳақида маъруза қилдим. Улуғбекнинг астрономик ўлчовларидаги аниқлик дунё илм-фани учун жуда катта аҳамиятга эга. Афсус, Мирзо Улуғбекнинг бу илмий мероси Европага тўлиқ етиб келмаган. Улуғбекнинг илмий кашфиёти нафақат ўша давр, балки ҳозирги замон илм-фани учун ҳам беқиёсдир.

Нилуфар Тўхбоева, Тошкентдаги Турин политехника университети ўқитувчиси:

– Мазкур анжуманда Амир Темур ва Темурийлар даври меъморчилиги ва уларнинг ривожланиш босқичлари ҳақида ўз маърузам билан иштирок этдим. Амир Темур даври санъати, маданияти, меъморчилиги дурдоналарини Германия жамоатчилигига таништириш билан биргаликда бизгача етиб келмаган тарихий обидаларни виртуал тиклаш бўйича лойиҳаларимни тақдим этдим. Шаҳрисабзда жойлашган Оқсаройнинг дастлабки кўриниши лойиҳаси ва Амир Темур мақбарасининг ривожланиш босқичлари билан таништирдим. Бу орқали Амир Темур каби буюк боболаримизнинг қудрати, салоҳияти ва қолдирган илмий меросини дунёга танитишга ҳаракат қилдим. Айни пайтда, тарихий обидаларни илмий ўрганиш соҳасида германиялик олимлар билан изланишлар олиб боряпмиз.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш