Покистон ОАВ: Ўзбекистон ўз иқтисодий тараққиётининг муҳим ва янги босқичига қадам қўймоқда

Октябрь 04, 2026. 12:00 • 3 дақ

• 182
Покистон ОАВ: Ўзбекистон ўз иқтисодий тараққиётининг муҳим ва янги босқичига қадам қўймоқда

ИСЛОМОБОД, 4 октябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг нуфузли “Daily Ittehad” газетаси, шунингдек, “TNS.World” ҳамда “Daily Big Digit” нашрларида “Умумий келажак жамияти” тадқиқот маркази ижрочи директори, “Олтин қалам” миллий мукофоти соҳиби Холид Таймур Акрамнинг “Ўзбекистоннинг янги инфратузилма тараққиёти: минтақавий иқтисодий қудрат пойдеворини барпо этиш” сарлавҳали таҳлилий мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақола муқаддимасида таъкидланишича, Ўзбекистон ўз иқтисодий тараққиётининг муҳим ва янги босқичига қадам қўймоқда. Мамлакат йўллар, электр тармоқлари, темир йўллар, қайта тикланувчи энергия манбалари, сув таъминоти тизимлари ва шаҳар инфратузилмасига салмоқли инвестициялар киритмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг аҳамияти жисмоний инфратузилмани барпо этиш билан чекланиб қолмай, савдо, инвестициялар, саноат ва минтақавий боғлиқликни янада мустаҳкамлаш учун зарур пойдевор яратаётгани қайд этилган.

Покистонлик экспертнинг фикрича, бу саъй-ҳаракатлар кўлами мамлакат инвестиция кўрсаткичларида ҳам ўз аксини топмоқда. Жумладан, Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 591,1 триллион сўмни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 10,5 фоизга ошган. Мазкур маблағнинг 33,5 миллиард доллари хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобига тўғри келган.

“Мазкур инвестициялар юқори иқтисодий ўсиш шароитида амалга оширилмоқда. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг реал ялпи ички маҳсулоти 2025 йилда 7,7 фоизга ўсган, 2024 йилда эса бу кўрсаткич 6,7 фоизни ташкил этган. Иқтисодий ўсиш ва инфратузилмага инвестицияларнинг бундай уйғунлиги муҳим аҳамиятга эга, чунки замонавий инфратузилма корхоналарга товарларни ташиш, ишончли энергиядан фойдаланиш ҳамда ички ва халқаро бозорларга самарали чиқиш имконини беради”, – деб ёзади Таймур Акрам.

Шунингдек ўқинг

Мақолада транспорт инфратузилмаси тараққиёт жараёнининг энг асосий йўналишларидан бири сифатида эътироф этилган. Ҳукумат ички темир йўл тармоғини ривожлантириш бўйича беш йиллик дастурни эълон қилгани, унга кўра 2026 йилдан бошлаб қўшимча 500 километр темир йўл қурилиши, шунингдек, юқори тезликдаги темир йўл қатновларини йўлга қўйиш ва йирик вокзалларни модернизация қилиш режалаштирилгани урғуланган.

Халқаро ҳамкорлар ҳам ушбу трансформацияни фаол қўллаб-қувватлаётгани қайд этилган. Хусусан, 2026 йил март ойида Жаҳон банки Сурхондарё вилоятида транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш учун 200 миллион долларлик лойиҳани маъқуллагани, у М41 минтақавий автомобиль йўлагидаги 91 километрлик қисмни реконструкция қилиш ва уни тўрт қаторли йўлга кенгайтиришни ўз ичига олиши айтиб ўтилган.

Мақола хулосасида Ўзбекистоннинг географик жойлашуви унга Марказий Осиёни халқаро бозорлар билан боғлашда табиий роль бериши таъкидланган. Инфратузилмани такомиллаштириш орқали мамлакат савдо, инвестициялар ва саноат тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда. Натижада Ўзбекистон нафақат ички ҳудудлари ўртасида яхши боғланган, балки кенг минтақавий ва глобал иқтисодиёт билан ҳам тобора яқинроқ интеграциялашувчи давлатга айланиб бораётгани эътироф этилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш