Ўзбекистон вакиллари "Технопром-2026" тиббий туризм форумининг сессиясида иштирок этдилар
Август 29, 2026. 13:30 • 2 дақ
• 53
НОВОСИБИРСК, 29 август. /“Дунё” АА/. Технологик ривожланиш бўйича XIII Халқаро “Технопром–2026” форуми доирасида мамлакатимиз бош консули Аслам Акбаров МДҲ давлатларида тиббий туризмни ривожлантиришга бағишланган панель сессиясида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Новосибирск вилояти Савдо, саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодий ривожланиш вазирлиги раҳбарлари, шунингдек, ҳудуднинг етакчи туроператорлари иштирок этди.
Бош консул Аслам Акбаров таъкидлаганидек, Ўзбекистон ва Новосибирск вилояти ўртасида тиббий туризм соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим натижаларидан бири сифатида 25–26 август кунлари Тошкентда тарихда илк бор “Халқаро тиббий туризм форуми” ўтказилганини қайд этиш мумкин.
Айни пайтда Новосибирскдаги икки тиббиёт клиникаси Ўзбекистонда ўз фаолиятини кенгайтириш бўйича аниқ қадамларни эълон қилди. Булар – “Здравица” оилавий тиббиёт марказлари тармоғи ва “Доктор Пузыревский офтальмология клиникаси”.
Новосибирск вилояти Савдо, саноат ва иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари Дмитрий Гришуниннинг фикрича, Савдо, саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш вазирлиги Новосибирскдаги хусусий тиббиёт клиникаларига нафақат Ўзбекистондаги ҳамкасблари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишда, балки Бош консулхона билан биргаликда истиқболли ҳамкорларни топишда ҳам фаол кўмак беришга тайёр.
Мулоқот давомида панель сессияси иштирокчилари Новосибирск шаҳри ва вилояти аҳолиси орасида тиббий туризм йўналишига талаб юқори эканини таъкидладилар. Бунда ўзбекистонлик мутахассисларнинг, жумладан, стоматология соҳасидаги юқори даражадаги тиббий тайёргарлиги муҳим омил сифатида қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси