Logo

Элдор Арипов: Янги Марказий Осиё етакчи давлатлар, жумладан, Жанубий Корея учун "чорловчи нуқта"га айланиб бормоқда

Октябрь 09, 2024. 11:29 • 5 дақ

1992
Элдор Арипов: Янги Марказий Осиё етакчи давлатлар, жумладан, Жанубий Корея учун "чорловчи нуқта"га айланиб бормоқда

ТОШКЕНТ, 9 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) делегацияси Ханкук чет тиллар университети қошидаги халқаро минтақавий тадқиқотлар маркази (CIAS) томонидан жорий йил 7 октябрь куни Сеул шаҳрида ташкил этилган "Корея ярим ороли ва Шимол давлатлари маданияти ва стратегиялари" 4-форумида қатнашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Анжуманда Марказий Осиё давлатлари, Озарбайжон, Грузия ва Туркиянинг Корея Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбирда илк бор Марказий Осиё давлатларининг стратегик тадқиқот марказлари директорлари таклиф этилди.

СМТИ директори Элдор Арипов "Корея Республикаси ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги стратегик мулоқот" мавзусидаги сессияда маъруза қилди.

Элдор Арипов ўз нутқи чоғида Марказий Осиёда кузатилаётган барқарор иқтисодий ривожланиш динамикаси минтақавий бирлашув, чегаралар очилиши, аҳоли сонининг кўпайиши ва геосиёсий фаоллик марказларига яқинлиги минтақанинг геостратегик аҳамиятини оширишини таъкидлади. Янги Марказий Осиё етакчи давлатлар, жумладан, Жанубий Корея учун "чорловчи нуқта"га айланиб бормоқда.

"Охирги 7 йилда Марказий Осиё давлатларининг ялпи ички маҳсулоти 6,3 фоизга, минтақалараро савдо ҳажми 4,4 баробарга, ўзаро инвестициялар ҳажми қарийб икки бараварга ўсди", дея қайд этди эксперт.

Ўз навбатида, Жанубий Кореянинг Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларини юқори баҳолаган ҳолда, СМТИ директори улар мустаҳкам пойдеворга асослангани, вақт синовидан ўтган ва кенг қамровли эканлигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, расмий Сеул Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётини модернизация қилишга улкан ҳисса қўшмоқда. Корея Республикаси томонидан киритилган инвестициялар автомобильсозлик, кимё, металлургия, нефт ва газ, ахборот-коммуникация ва бошқа кўплаб тармоқлар жадал суръатда ривожланишига туртки бўлмоқда.

Элдор Арипов дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён Марказий Осиё давлатлари билан Жанубий Корея ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 600 баробарга ошганини мамнуният билан қайд этди. Хусусан, 1992 йилда 15 миллион доллардан 2023 йилда 10 миллиард доллардан зиёдни ташкил этди, Жанубий Корея инвестициясининг минтақада тўпланган умумий ҳажми эса 18 миллиард доллардан ошди.

Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, расмий Сеул 2007 йилда биринчилардан бўлиб "Марказий Осиё+Корея Республикаси" форматини йўлга қўйди, барқарор ривожланишни таъминлаш ва минтақа мамлакатларининг муҳим ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларини амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшишда давом этмоқда.

Шунингдек, СМТИ директорининг сўзларига кўра, Жанубий Корея етакчисининг Марказий Осиёга яқинда бўлиб ўтган ташрифи чоғида тақдим этилган "K-Silk ROAD" янги ташаббуси Сеулнинг минтақа билан узоқ муддатли ҳамкорликни кучайтиришга интилишининг яққол исботидир. Жанубий Кореянинг "Марказий Осиё – Корея Республикаси" форматида биринчи саммитини 2025 йилда Сеулда ўтказиш тўғрисидаги қарори ҳамкорлигимизни янада чуқурлаштиришга катта туртки беради", дея таъкидлади эксперт.

Шунингдек ўқинг

Шу билан бирга, Элдор Арипов Марказий Осиё ва Корея Республикаси ўртасидаги шерикликнинг бугунги даражаси ҳақида гапирар экан, икки томонлама ҳамкорликнинг эришилган даражаси ҳайратланарли эканлиги, бироқ мамлакатларимиздаги улкан салоҳиятни умуман акс эттирмаслигини қайд этди.

Шу муносабат билан, экспертнинг фикрича, кўп томонлама ҳамкорликни сезиларли даражада мустаҳкамлаш учун қуйидаги йўналишларда аниқ таклифлар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Биринчидан, унга кўра, Жанубий Корея тажрибаси ва технологияларининг трансфери ҳамда Марказий Осиё давлатларининг улкан ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан фойдаланиш асосида саноат кооперациясини ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга.

Иккинчидан, Элдор Ариповнинг фикрича, муҳим йўналишлардан яна бири – барқарор ва хавфсиз таъминот занжирларини яратиш. Жанубий Кореянинг 2030 йилгача мўлжалланган стратегик технологияларни ривожлантиришда жаҳон етакчилигига эришишга қаратилган улкан ва узоқ муддатли мақсадларини ҳисобга олсак, Марказий Осиё давлатлари муҳим камёб ер элементлари соҳасида йўналишларни яратишда ишончли ҳамкор бўлиши мумкин.

Учинчидан, экспертнинг айтишича, экологик барқарорликни ошириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш ҳамкорликнинг яна бир устувор йўналиши ҳисобланади. Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, сувни тежовчи ва экологик тоза замонавий технологияларни жорий этиш учун Жанубий Кореянинг бой тажрибаси ва сармояларини жалб этиш бу масалаларда муҳим ўрин тутади.

Тўртинчидан, Институт директорининг қайд этишича, инсон капиталини ривожлантириш ўзаро муносабатларни чуқурлаштиришда муҳим омил бўлиши лозим. Унинг сўзларига кўра, таълим соҳаси ҳамкорликнинг етакчи соҳасига айланиши керак, бу эса Жанубий Кореянинг илғор тажрибалари ва стандартлари асосида кадрлар тайёрлашда ўзаро ҳамкорликни ошириш имконини беради.

Бешинчидан, меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш устувор вазифа эканини алоҳида қайд этилди. Жанубий Кореяда кучайиб бораётган демографик инқироз фонида Марказий Осиё аҳоли сонининг ўсиши ва таълимнинг юқори даражаси ҳисобига меҳнат ресурсларининг муҳим етказиб берувчиси бўлиши мумкин.

Олтинчидан, мутахассис хулосасига кўра, ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштиришда маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Корея Республикаси ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзига хос "боғловчи кўприк" ва ишончли пойдевор сифатида йирик корейс диаспорасининг ўрни беқиёс. Шу ўринда, СМТИ директори минтақа мамлакатларидаги миллий корейс маданият марказларининг фаол кўмагида ҳар йили "Марказий Осиёдаги корейс диаспора тармоқлари" форумини ўтказиш амалиётини йўлга қўйишни таклиф қилди. Унинг айтишича, бу нафақат минтақамизда истиқомат қилаётган корейсларнинг миллийлигини сақлашга, балки халқларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

"Бу соҳаларнинг барчасида кореялик ҳамкорларимиз билан мақсадли ва муваффақиятли ҳамкорлик қилишимизга тўлиқ ишонаман, деди ўз нутқи якунида Элдор Арипов.

Эслатиб ўтамиз, ушбу Форум Корея Республикаси ва Корея ярим оролининг шимолий қисмида (Марказий Осиё, Кавказ мамлакатлари, Шарқий Европа) жойлашган давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида 2021 йилда ташкил этилган. Форум 2021-2022 йилларда Сеулда, 2023 йилда эса Тошкентда СМТИ билан ҳамкорликда ўтказилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш