Анқарадан муносабат: Ўзбекистон Президентининг Иорданияга ташрифи иқтисодий ҳамкорлик учун янги имкониятлар очади
Ноябрь 25, 2026. 08:10 • 3 дақ
• 223
АНҚАРА, 25 ноябрь. /“Дунё” АА/. Евроосиё иқтисодий алоқалар жамғармаси (EkoAvrasya) раҳбари Ҳикмет Эрен “Дунё” ахборот агентлигига берган интервьюсида Ўзбекистон Президентининг 23–24 ноябрь кунлари Иорданияга амалга оширган давлат ташрифи юзасидан ўз муносабатини билдирди:
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иорданияга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим имконият яратди. Мазкур ташриф Марказий Осиё ва Яқин Шарқ ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришда ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон хорижий инвестицияларни жалб этиш ва халқаро иқтисодий алоқаларни ривожлантириш борасида изчил сиёсат олиб бормоқда. Бу жараёнда Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси ва хорижий ишбилармон доиралар билан бевосита мулоқоти муҳим ўрин тутмоқда.
Давлат раҳбари инвесторлар билан учрашиб, уларнинг таклифларини ўрганади, аниқ лойиҳаларни муҳокама қилади ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун зарур шарт-шароитларни яратишга эътибор қаратади.
Бундай ёндашув хорижий сармоядорларга ишонч бағишлаш билан бирга, мамлакат иқтисодиёти учун муҳим бўлган технологиялар, тажриба ва янги ишлаб чиқариш имкониятларини жалб этишга хизмат қилмоқда. Масалан, яқинда Туркия вице-президенти Жавдат Йилмазнинг ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг 200 дан ортиқ компания ва банклари вакиллари билан ўтказилган учрашув Ўзбекистоннинг халқаро бизнес ҳамкорлигини ривожлантиришга интилишини яққол намоён этди.
Ўзбекистон ва Иордания ўртасида ҳам саноат, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, энергетика, фармацевтика, тиббиёт технологиялари ва логистика соҳаларида ҳамкорлик қилиш учун катта салоҳият мавжуд. Икки мамлакатнинг иқтисодий имкониятларини бирлаштириш қўшма корхоналар ташкил этиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва янги бозорларга чиқиш учун замин яратади.
Иорданияда Туркиянинг “GAMA”, “MAPA”, “Özaltın” каби компаниялари томонидан сув таъминоти ва инфратузилма соҳаларида амалга оширилган лойиҳалар хорижий бизнеснинг мамлакат иқтисодиётидаги ўрнини кўрсатади. Бу тажриба ўзбекистонлик тадбиркорлар учун ҳам янги ҳамкорлик имкониятларини очиши мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайн ўртасидаги музокаралар икки давлат муносабатларини янада мустаҳкамлайди. Қолаверса, сиёсий мулоқот натижалари аниқ инвестиция лойиҳалари, янги корхоналар, иш ўринлари ва барқарор савдо алоқаларида ўз ифодасини топади.
Энг муҳими, Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланиши нафақат икки давлат манфаатларига, балки Марказий Осиё ва Яқин Шарқ ўртасидаги минтақавий алоқаларнинг мустаҳкамланишига ҳам хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси