Душанбедан муносабат: Иордания билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг транспорт ва иқтисодий алоқалар географиясини янада кенгайтиради
Ноябрь 25, 2026. 11:30 • 3 дақ
• 97
ДУШАНБЕ, 25 ноябрь. /“Дунё” АА/. Тожикистон Миллий фанлар академияси Фалсафа ва сиёсатшунослик институти илмий ходими Виктор Ким “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 23–24 ноябрь кунлари Иорданияга амалга оширган давлат ташрифи юзасидан ўз муносабатини билдирди:
– Ўзбекистон–Иордания ҳамкорлиги динамикаси Марказий Осиё ва Яқин Шарқ ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналиши шаклланаётганидан далолат беради.
Нега айнан Иордания? Табиий ресурслари чеклангани ва ҳудуди нисбатан кичик бўлишига қарамай, Иордания минтақавий савдо ва транспорт йўналишлари чорраҳасида муҳим геосиёсий мавқега эга. Мамлакатнинг Қизил денгиз соҳилидаги ягона денгиз бандаргоҳи – Яқин Шарқ ва Шарқий Африка бозорларига чиқиш истиқболларини очувчи Ақаба порти Ўзбекистон учун алоҳида қизиқиш уйғотади.
Кенг халқаро алоқаларни қўллаб-қувватлаб келаётган Иорданиянинг сиёсий-дипломатик салоҳияти ҳам қўшимча аҳамият касб этади. Хусусан, Подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайн ташаббуси билан бошланган Ақаба жараёни терроризм ва экстремизмга қарши курашишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1993 йилда ўрнатилган бўлса-да, 2025 йилда сифат жиҳатидан янги босқич бошланди. Подшоҳ Абдулла IIнинг 25–26 август кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихидаги биринчи олий даражадаги ташриф бўлди.
Ушбу тарихий воқеа якунлари бўйича сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга асос солган 15 та ҳужжат имзоланди. 2025 йилда ўзаро савдо ҳажми 79,2 фоизга ўсди, 2021–2025 йилларда эса 8,5 баробарга ошди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 6 ноябрь куни Ақаба жараёни доирасида Остонада бўлиб ўтган Марказий Осиё етакчилари учрашувидаги иштироки Ўзбекистоннинг ушбу ташаббусни ривожлантиришдан манфаатдор эканини ифодалади.
Ўзбекистон томони жараённинг келгуси учрашувларидан бирини Самарқандда ўтказишни таклиф қилди. Бу мамлакатнинг халқаро мувофиқлаштириш ишларида фаол қатнашиш ҳамда минтақавий мулоқот майдони сифатида намоён бўлишга интилишини акс эттиради.
Иордания билан яқинлашувни Ўзбекистоннинг транспорт ва иқтисодий боғлиқликни кенгайтиришга қаратилган янада кенг кўламли стратегиясининг бир қисми сифатида кўриб чиқиш лозим. Хитой ва Шарқий Осиё, Европа давлатлари, Яқин Шарқ мамлакатлари билан алоқаларни ривожлантириш, Афғонистон орқали Покистон портларига элтувчи жанубий йўналишни илгари суриш ташқи савдони диверсификация қилиш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Шу маънода, Иордания билан ҳамкорлик нафақат икки томонлама муносабатлар, балки янада кенг кўламли вазифани амалга ошириш – Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий боғлиқлигини мустаҳкамлаш учун ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси