Деҳлидан муносабат: Янги Ўзбекистон минтақалараро бизнесни ривожлантиришга асосланган иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини илгари сурмоқда
Сентябрь 19, 2024. 08:54 • 4 дақ
• 624
ДEҲЛИ, 19 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ҳиндистоннинг "Business Central Asia" ихтисослашган журнали муҳаррири Индервир Сингҳ Бҳалла "Дунё" АА мухбирига Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган янгиланиш жараёни ҳамда ушбу ўзгаришларнинг Марказий Осиё минтақасидаги ишбилармонлик муҳитига рағбатлантирувчи таъсири ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини тақдим қилди.

– Ҳар қандай давлат учун тарихнинг ҳар бир даври тараққиёт тушунчасига ўзига хос муносабат билан ажралиб туради. Бунда маълум бир босқичда яшаётган жамиятнинг турмуш тарзи, ғоялари ва тафаккури катта аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, 2017 йил Ўзбекистоннинг замонавий солномасига изчил ва жадал ривожланиш билан ажралиб турадиган мутлақо янги босқичнинг бошланиши сифатида битилди. Бу ўзгаришлар кучли таҳлилий тафаккурга, замон билан ҳамнафас бўлиш ва миллий хусусиятларни ҳисобга олиш салоҳиятини берадиган сиёсий иродага, илғор бошқарув тажрибасига эга кучли шахснинг ўрни билан бевосита боғлиқдир. Бугунги жадал ривожланиш жараёни мустаҳкам пойдевор ва кўп йиллик тажрибага асосланган ҳолда ҳаётга тадбиқ этилаётганини ҳақли равишда эътироф этиш мумкин. 2017 йилда жадал бошланган кенг кўламли ислоҳотлар ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш йўлидаги узлуксиз изланишлар самарасидир. Президент Шавкат Мирзиёев янада очиқ ва оптимистик руҳдаги янги Ўзбекистонни барпо этмоқда.
Давлат раҳбари халқаро туризмни рағбатлантирмоқда, иқтисодиётни хорижий сармоялар учун очиб берди. Мамлакат турли нуқтаи назар ва қарашларни эркин ифода этиш мумкин бўлган либерал майдонга айланди. Бутун дунёга маълумки, кейинроқ, аниқроғи 2023 йилда Ўзбекистонда Конституциянинг янги таҳрири бўйича референдум ўтказилганда кенг жамоатчилик юксак энтузиазм намунасини намойиш қилди. "Конституция меники, сеники, бизники! Конституция ўзимизники!" шиори умуммиллий мазмун-моҳият касб этди. Янгиланган Асосий қонун ҳар жиҳатдан халқ конституциясига айланди. Мазкур ўзгартиришлар мамлакат фуқароларининг ўзлари томонидан илгари сурилди ва уларнинг хоҳиш-истаклари, мақсад ва манфаатларини ифода этди.
Референдум халқ иродасининг ёрқин ифодасига айланди, янги Конституция ўзбекистонликларнинг давлат бошқарувидаги иштирокига оид дадил инсонпарварлик руҳини олиб кирди. Эътиборлиси, Президент Шавкат Мирзиёев мазкур конституциявий ислоҳотнинг ташаббускори бўлди. "Мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши керак. Шу боис, "Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат" деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз керак. Умуман, маъно-мазмуни инсон қадрини улуғлаш руҳи билан бойитилган, келажак авлодларга муносиб хизмат қиладиган, Янги Ўзбекистонга мос бўлган Конституцияни ишлаб чиқишимиз керак", деб таъкидлаган эди давлат раҳбари 2022 йилда.
Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий масалалар мазмун-моҳиятини чуқур ифодалади, уларни аниқлаб берди, давлат ва жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча жабҳаларини жадал ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқди. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси 2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда "Ўзбекистон-2030" дастурий ҳужжатида давом эттирилди.
Қарорлар қабул қилиш жараёнида узоқни кўра билиш ва зукколик, давлат бошқарувига тизимли ёндашиш Ўзбекистон раҳбари фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ташкил қилади. Унинг ташаббусларида халқнинг орзу ва интилишлари, манфаат ва қизиқишлари ўз ифодасини топган. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг энг янги тарихида учинчи Уйғониш даври бошланди ва унинг ўзига хос хусусияти одамларни миллий манфаатлар атрофида бирлаштиришдан иборатдир. Шавкат Мирзиёев ўзини ички ва ташқи сиёсатнинг йирик ислоҳотчиси сифатида намоён этди.
Дунёдаги ҳар бир жамият тинчлик ва барқарорликдан манфаатдордир. Бу қоида XXI аср – халқаро муаммолар кескинлашган даврда янада долзарб бўлиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг энг катта ютуғи мамлакатда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ҳукм сураётганидир.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳар бир фуқаро қалбида мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаб, маънавий-маърифий салоҳиятни юксалтирди. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли, ишончли ва тенг ҳуқуқли муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Халқаро экспертларнинг фикрича, сўнгги 20 йилда Марказий Осиё давлатларига киритилган хорижий сармояларнинг умумий ҳажми йигирма баравардан ортди, яъни 12,2 миллиард доллардан 251,4 миллиард долларга етди. Ўзбекистоннинг ушбу жараёндаги ўрни ҳал қилувчи аҳамият касб этди, чунки мамлакат минтақа ҳудудидаги тадбиркорлик алоқалари, ишлаб чиқариш ва технологик инфратузилмани ривожлантиришга асосланган иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини илгари сурмоқда. Марказий Осиё бу саъй-ҳаракатлардан тўлиқ манфаат кўрмоқда.
Минтақадаги барқарорлик ва изчил ривожланиш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади. Бундай ёндашув Марказий Осиёни муҳим саноат ва технологик марказга, минтақалараро ҳамкорликнинг ажралмас қисмига ва қудратли салоҳиятли бозорга айлантиришга қаратилган. Ўзбекистоннинг очиқ сиёсати саноат ва технологик янгиланишлар жараёнини тезлаштирди. Прагматик ва мувозанатли сиёсат самарасида соғлом рақобат ҳукм сурмоқда, инвестициялар ва илғор технологиялар жалб қилинмоқда. Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан минтақада ишончли, хавфсиз ишлаб чиқариш ва логистика занжирларини тизимли равишда яратиш ва мустаҳкамлаш бўйича изчил саъй-ҳаракатлари юксак олқишларга сазовор бўлмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси