Покистондан муносабат: Ўзбекистон ва Покистоннинг Тинчлик кенгашидаги иштироки ушбу давлатларнинг глобал сиёсатда ҳам ҳамкорлигидан далолатдир
Февраль 23, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 114
ИСЛОМОБОД, 23 февраль. /“Дунё” АА/. Исломобод минтақавий тадқиқотлар институти президенти, элчи Жаухар Салим Ўзбекистон етакчисининг 17–19 февраль кунлари АҚШда бўлиб ўтган Тинчлик кенгашининг биринчи саммитидаги иштироки хусусида фикр билдирди:
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонда бўлиб ўтган Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишдаги иштироки минтақавий дипломатия трансформациясининг муҳим босқичи бўлиб, халқаро хавфсизликнинг янги архитектураси шаклланаётганини кўрсатади. Мазкур ташаббуснинг йўлга қўйилиши жаҳон тизими институционал қайта тиклаш даврини бошдан кечираётганини англатади – у узоқ муддатли институтга айланадими ёки тажриба майдони сифатида қоладими, бундан қатъий назар.
Ўзбекистон ва Покистоннинг бир вақтнинг ўзидаги Тинчлик кенгашидаги иштироки алоҳида аҳамият касб этади. Ҳар икки давлат Марказий ва Жанубий Осиёни ўзаро боғлаб турган асосий давлатлар ҳисобланди ҳамда сўнгги йилларда стратегик шерикликни сезиларли даражада мустаҳкамлади. Мамлакатларимизнинг Тинчлик кенгашидаги иштироки Ўзбекистон–Покистон ҳамкорлиги кун тартибини савдо ва транзитдан тинчликпарварлик ва дипломатик мувофиқлаштириш даражасигача кенгайтиради.
Биринчи мажлиснинг Ғазо секторини тиклашга қаратилгани сиёсий нуфузга эга мусулмон давлатларнинг иштирокини объектив равишда тақозо этади. Покистон анъанавий равишда Фаластин масаласида фаол позицияни эгаллаб келади, Ўзбекистон эса можароли ҳудудларни барқарорлаштиришга нисбатан мувозанатли ва прагматик ёндашувни намоён этмоқда. Уларнинг қўшма иштироки можародан кейинги тикланиш муҳокамаларида минтақаларимиз мамлакатлари овозини кучайтиради.
Расмий Тошкент ва Исломобод ўртасидаги икки томонлама муносабатлар нуқтаи назаридан, мазкур ташаббус глобал майдонларда мувофиқлаштириш учун янги имкониятлар яратади. Покистон портларига олиб чиқувчи транспорт йўлаклари билан бир қаторда, халқаро тинчликпарвар лойиҳаларида биргаликда иштирок этиш салоҳияти пайдо бўлмоқда, бу эса ўзаро ишончни мустаҳкамлаб, сиёсий мулоқотни кенгайтиради.
Кенгроқ минтақавий контекстда икки давлатнинг уйғун иштироки Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида янги ҳамкорлик вектори шаклланаётганини акс эттиради. Бу айниқса Афғонистон ва Яқин Шарқдаги беқарорлик фонида долзарбдир. Янги тузилманинг қарор қабул қилиш механизмлари ва молиялаштириш масалаларига оид саволлар сақланиб қолаётганига қарамай, Ўзбекистон ва Покистоннинг ушбу тузилмада иштирок этиши ушбу давлатларнинг глобал сиёсатда янада фаол ва масъулиятли роль ўйнашга интилаётганини кўрсатади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
