Душанбедан муносабат: Ўзбекистон ва Тожикистон Олий давлатлараро кенгаши икки давлат тараққиётининг устувор йўналишларини мувофиқлаштириш имконини беради
Март 31, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 141
ДУШАНБЕ, 31 март. /“Дунё” АА/. Россия–Тожикистон (славян) университетининг Геосиёсий тадқиқотлар маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Гўзаль Майтдинова “Дунё” АА мухбирига Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг 26-27 март кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи ҳақида фикр билдирди:
– Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг 2026 йил 26–27 март кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи Марказий Осиё сиёсатида муҳим воқеа сифатида баҳоланмоқда. Ушбу ташриф Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар янги босқичга – барқарор иттифоқчилик ва стратегик шериклик даражасига чиққанини кўрсатди.
Ушбу ташриф фақат икки давлат муносабатлари доирасида эмас, балки бутун Марказий Осиёдаги халқаро муносабатларга ҳам таъсир кўрсатади. Бундай ҳамкорлик алоқалари минтақада давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда.
Асосий натижалардан бири “Минтақа ичида етакчилик” модели мустаҳкамланаётганидир. Яъни, Марказий Осиё давлатлари ташқи кучларга боғлиқ бўлмасдан, ўзлари мустақил равишда ҳамкорлик тизимини шакллантиришга ҳаракат қилмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги алоқалар оддий ва қисқа муддатли ҳамкорликдан чиқиб, узоқ муддатли ва тизимли шерикликка айланди.
Ташрифнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – янги ҳамкорлик механизмининг ишга туширилиши бўлди. Яъни, Тошкент шаҳрида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу тузилма икки давлатга муҳим қарорларни биргаликда қабул қилиш, ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва умумий стратегия асосида иш юритиш имконини беради.
Шу орқали Ўзбекистон ва Тожикистон Марказий Осиёда биргаликда фаол сиёсий куч сифатида ҳаракат қилиши, минтақанинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузини ошириши мумкин.
Бу янги формат ҳамкорликни расмий баёнотлардан амалий лойиҳаларга олиб чиқиб, икки давлат ривожланиш режаларини уйғунлаштириш имконини яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси