Logo

Бокудан муносабат: Ўзбекистон–Тожикистон муносабатларида стратегик яқинлашувнинг янги даври бошланмоқда

Апрель 01, 2026. 10:05 • 4 дақ

84
Бокудан муносабат: Ўзбекистон–Тожикистон муносабатларида стратегик яқинлашувнинг янги даври бошланмоқда

БОКУ, 1 апрель. /“Дунё” АА/. Озарбайжоннинг нуфузли “Vesti.az” нашрида таниқли сиёсатшунос ва таҳлилчи Илгар Велизаде Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг 26–27 март кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифига бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, дунёда глобал кескин вазият ҳукм сураётган бир пайтда Марказий Осиё давлатлари ўзаро юқори даражадаги шерикчилик алоқаларини кенгайтирмоқда ва ўз хавфсизлигини ҳар томонлама мустаҳкамлашда давом этмоқда.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи ана шундай ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилди. Ташрифнинг асосий хусусияти шундаки, Тошкент ва Душанбе амалда икки томонлама муносабатларни “барқарор қўшничилик” режимидан аниқ белгиланган иқтисодий, инвестициявий ва минтақавий параметрлар билан бошқариладиган интеграция форматига ўтказмоқда.

Ўрни келганда таъкидлаш лозимки, яқин-яқингача мазкур мамлакатлар ўртасида мураккаб ва зиддиятли муносабатлар мавжуд эди. Бу зиддиятлар кўпинча манфаатлар тўқнашуви, ўзаро ишончсизлик, иқтисодий ва транспорт алоқаларининг амалда парчаланиши билан кечган. Ўзбекистон–Тожикистон ўртасида чегара ва сув-энергетика ресурслари билан боғлиқ масалалар узоқ вақт давомида ҳал этилмай келган. Бу ҳолат айниқса Тожикистонда йирик гидроэнергетика объектлари қурилиши жараёнида яққол намоён бўлган. Вақти-вақти билан бу ҳолат транспорт алоқаларининг чекланишига, савдо тартиб-қоидаларининг мураккаблашишига ва умумий давлатлараро ҳамкорлик даражасининг пасайишига олиб келган.

Нашрда қайд этилишича, 2016 йилдан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин Ўзбекистоннинг сиёсий йўналишидаги ўзгаришлар муносабатларни нормаллаштириш учун янги имкониятлар яратди. Аввалги зиддиятли кун тартибидан босқичма-босқич воз кечилиб, прагматик яқинлашув сиёсатига ўтилди. Асосий чегара масалалари ҳал этилди, транспорт коммуникациялари тикланди, чегарадан ўтиш тартиби соддалаштирилди, савдо-иқтисодий алоқалар фаоллашди. Бу эса ўзаро ҳамкорликнинг янги моделини шакллантириш учун мустаҳкам асос бўлди. Унда ресурслар учун рақобат эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи ечимларни излаш устувор аҳамият касб этади.

Муаллиф фикрича, Эмомали Раҳмоннинг мазкур ташрифи алоҳида аҳамиятга эга. У муносабатларни нормаллаштириш босқичи амалда якунланганини ва мамлакатлар кейинги босқичга — яъни эришилган ишонч даражасини институционал жиҳатдан мустаҳкамлашга ўтаётганини кўрсатади.

Шунингдек ўқинг

Илгари асосий эътибор тўсиқларни бартараф этиш ва тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилишга қаратилган бўлса, эндиликда мувофиқлаштириш ва биргаликда ривожланишнинг барқарор механизмларини яратиш устувор аҳамият касб этмоқда. Бу эса ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичи бўлиб, нафақат барқарорликни, балки узоқ муддатли иқтисодий ва сиёсий натижаларни таъминлайдиган самарали ҳамкорлик моделини шакллантиришни назарда тутади.

Ташрифнинг марказий сиёсий натижаси сифатида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши ўтказилгани бежиз эмас. Ушбу механизмнинг ишга туширилиши саноат кооперацияси ва савдодан тортиб энергетика, транспорт ва хавфсизликгача бўлган асосий йўналишларда доимий мувофиқлаштиришга ўтишни англатади.

Аввалги форматлардан фарқли равишда, бу тузилма нафақат эришилган келишувларни қайд этиш, балки уларнинг тизимли равишда амалга оширилишини таъминлашга қаратилган. Бу амалда Ўзбекистон–Тожикистон муносабатларини тармоқлараро мувофиқлаштириш элементлари билан бошқариладиган иттифоқчилик даражасига олиб чиқади.

Эксперт таъкидлашича, имзоланган ҳужжатлар тўплами мазкур ўтишни тўлиқ тасдиқлайди. Жумладан, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёнот билан бир қаторда, томонлар товар айирбошлашни кўпайтириш дастури, саноат кооперацияси дастури, товарларнинг келиб чиқишини тасдиқловчи электрон сертификатларни ўзаро тан олиш, юк ташиш учун E-Permit тизимини жорий этиш бўйича битимлар имзолади.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш, чегараолди ҳудудларда радиочастоталарни мувофиқлаштириш, илмий ҳамкорлик соҳаларида келишувларга эришилди. Бундан ташқари, 2028 йилгача саноат, инновациялар, агросаноат мажмуаси, туризм ва маданият соҳалари бўйича йўл хариталарининг кенг қамровли дастури келишиб олинди.

Шу билан бирга, логистика ва транзакция харажатларини камайтириш масаласи ҳам муҳим йўналишга айланмоқда. Рақамли воситаларни жорий этиш, ўтказиш пунктларини модернизация қилиш ҳамда “Ойбек–Фотеҳобод” каби чегараолди савдо зоналарини ташкил этиш савдонинг барқарор ўсиши учун мустаҳкам инфратузилмавий асос яратади. Узоқ вақт давомида асосий чеклов бўлиб келган маъмурий тўсиқларни бартараф этиш эса иқтисодий динамиканинг янги босқичини бошлаб беради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш