Пекин шаҳрида Ўзбекистоннинг маданий ва сайёҳлик салоҳияти намойиш этилмоқда
Октябрь 25, 2023. 07:52 • 2 дақ
• 145
ПЕКИН, 25 октябрь. /"Дунё" АА/. Хитой Халқ Республикаси пойтахтида 22 октябрь куни "Биринчи Пекин халқаро номоддий маданий мерос ҳафталиги"нинг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир ХХР Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Пекин шаҳри мэрияси томонидан ташкил этилди.
Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида ташкил этилган Ўзбекистон стендида давлатимиз "Ҳунарманд" уюшмаси вакиллари каштачилик, кулолчилик, мисгарлик, ёғоч ўймакорлиги, гиламдўзлик, миллий матолар, миниатюра каби миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари билан қатнашмоқда.
Ўз навбатида, Ўзбекистон маҳсулотлари орасида алоҳида тақдим этилган Нурота сўзаналаридан намуналар кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Мазкур тадбирда Хитойнинг турли провинцияларида фаолият кўрсатадиган 100 дан ортиқ компания ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Уч кун давом этадиган кўргазма иши билан 4 миллиондан зиёд хорижий ва маҳаллий меҳмонлар танишиши кутилмоқда.
Ташкилотчиларнинг маълум қилишларича, тадбирдан кўзланган мақсад маданий меросни ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш ҳамда бу соҳадаги халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантиришдан иборат.
Ҳафталик 25 октябрга қадар давом этади.
Тадбир иштирокчилари "Дунё" ахборот агентлигига берган интервьюларида қуйидаги фикр ва мулоҳазаларни ўртоқлашдилар:
Тадбир иштирокчиси Лян Вэй:

- Ушбу тадбирда иштирок этганимдан жуда мамнунман. Ўзбек миллий ўймакорлиги ва ипакдан мато тўқиш бўйича мамлакатимиз усталари томонидан ўтказилган маҳорат дарслари ҳафталик қатнашчиларида жуда катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, каштачилик, кулолчилик, мисгарлик, тикувчилик, мусиқа асбоблари ясаш ва бошқа йўналишларда ҳунармандлар томонидан яратилган ранг-баранг буюмлар кўпчиликни ҳайратга солди.
Тадбир иштирокчиси Лю На:

- Ўзбекистоннинг кўп вақт талаб қиладиган ва нафис ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик буюмлари, қўлда ишланган ипак матолари халқаро миқёсда жуда машҳур эканлигидан хабардорман.
Ушбу тадбирда Ўзбекистоннинг миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари билан яқиндан танишишга муяссар бўлдик. Айниқса, ўзбек сўзаналари, улардаги бетакрор нақшлар менда катта таассурот қолдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Тожикистон театрида ўзбек спектакли намойиш қилинди
Германия пойтахтида ўзбек сўзаналари кўргазмаси ташкил этилди
Польшада “Аёл қисмати” ўзбек фильми премьераси бўлиб ўтди