Ўзбекистон киноижодкорлари томонидан суратга олинган "Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий" фильми Бухарестда намойиш этилди
Июль 29, 2025. 12:10 • 3 дақ
• 77
БУХАРЕСТ, 29 июль. /"Дунё" АА/. Жорий йилнинг 26-27 июль кунлари Руминия пойтахти Бухарест шаҳрида "Туркий халқлар фильмлари" кечаси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Анжуман ЮНЕСКОнинг Руминиядаги ваколатхонаси кўмагида "Хилма-хилликда бирлашамиз! Дискриминацияга йўл қўймаймиз!" лойиҳаси доирасида ташкил этилган.
Тадбир очиқ осмон остидаги "Creart" майдонида бўлиб ўтди ва туркий халқларнинг маданий хилма-хиллиги ва номоддий меросини тарғиб қилишга бағишланди.
Кеча Руминия татарлари демократик иттифоқи, Бухарест шаҳар мэрияси ҳузуридаги Ижод ва санъат маркази, Ўзбекистон элчихонаси (қароргоҳи Варшава шаҳрида жойлашган) томонидан ташкил этилди.
Маданий кечанинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар, туркий халқлар ўртасидаги маданий мулоқот муҳимлигини таъкидлаб, фаол иштироки учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдиришди.
Дастурнинг асосий қисмида ислом оламининг буюк алломаси Имом Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий ҳақида ҳикоя қилувчи "Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий" номли фильмнинг премьераси бўлиб ўтди. Румин ва инглиз тилларида субтитр билан намойиш этилган ушбу фильм томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон миллий либослари ва амалий санъатининг анъанавий элементлари, жумладан, чопон, дўппи ва бошқа маҳсулотлар, шунингдек, мамлакатимизнинг туризм имкониятлари ҳақидаги ахборот материаллари тақдим этилган стенд мамлакатимиз томони иштирокининг муҳим қисми бўлди.
Тадбир минтақа давлатлари ўртасидаги маданий мулоқотни чуқурлаштириш, гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросини тарғиб этишда муваффақиятли майдонга айланди.
Наим Белгин, Руминия татарлари демократик иттифоқи раиси:
– Бугун биз Бухарест шаҳрида буюк мутафаккир олим Имом ат-Термизий ҳақидаги ҳужжатли фильмни намойиш этдик. Мазкур фильмни тақдим этган ўзбек томонига миннатдорлик билдирамиз. Фильм томошабинлар эътиборини қозониб, Ўзбекистон ҳақидаги қизиқишини янада оширди. Томошабинлар Имом Термизийнинг бой илмий мероси, унинг инсоният маънавияти ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳамда мамлакатингиздаги тарихий-маънавий муҳит ҳақида батафсил маълумот олдилар.
Намойиш якунида томошабинлар фильмда кўтарилган мавзулар ҳақида ўз фикрларини билдириб, келгусида шундай маърифий лойиҳалар сони янада кўпайиши тарафдори эканликларини таъкидладилар.
Шунингдек, мазкур тадбир икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга ва Ўзбекистоннинг бой маданий меросини кенг тарғиб этишга хизмат қилди.
Клаудиа Балинт, "Туркий халқлар фильмлари" лойиҳаси директори:
– Биз туркий халқлар ҳақида фильмлар намойиш қиладиган кечаларни бир неча маротаба ташкил қилганмиз. Бугун Бухарестда Имом ат‑Термизий ҳақидаги ҳужжатли фильмни намойиш этдик. Мазкур фильмни томошабинлар катта қизиқиш билан кўрди. Ушбу кинокартина нафақат буюк аллома ҳақида, балки Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий мероси тўғрисида ҳамдир.
Эдис Кутлакай, "Туркий халқлар фильмлари" лойиҳаси ҳаммуаллифи:
– Бухарестда намойиш этилган Имом ат‑Термизий ҳақидаги фильм менда жуда катта таассурот қолдирди. Ўзбекистон, унинг тарихи ва маданияти ҳамда Имом ат‑Термизийнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида илгари билмаган муҳим маълумотларни билиб олдим.
Фильм намойишидан кейин бўлиб ўтган мунозараларда турли фикрлар айтилди. Мен бундай фильмлар кўплаб суратга олинишни истардим. Маънавият ва маърифатга ундовчи фильмлар одамларни яқинлаштиради, бири‑биримизни яхшироқ билишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Тожикистон театрида ўзбек спектакли намойиш қилинди
Германия пойтахтида ўзбек сўзаналари кўргазмаси ташкил этилди
Польшада “Аёл қисмати” ўзбек фильми премьераси бўлиб ўтди