Logo

Ўзбекистон опера хонандаларининг юксак ижро маҳорати Ашхободда бўлиб ўтган "Жаҳон мусиқаси" халқаро фестивалида эътироф этилди

Май 23, 2025. 15:31 • 2 дақ

115
Ўзбекистон опера хонандаларининг юксак ижро маҳорати Ашхободда бўлиб ўтган "Жаҳон мусиқаси" халқаро фестивалида эътироф этилди

АШХОБОД, 23 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон опера санъати усталари Ашхободда бўлиб ўтган "Жаҳон мусиқаси" халқаро фестивалида иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Туркманистон ташаббуси билан эълон қилинган "Халқаро тинчлик ва ишонч йили" доирасида Ашхободда "Жаҳон мусиқаси" халқаро фестивали ташкил этилди. Фестивалда, шунингдек, Россия, Хитой, Франция, Эрон, Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан таниқли бастакорлар, дирижёрлар, энг яхши опера хонандалари ва мусиқачилари қатнашди.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирокчиларга йўллаган табригида "Жаҳон мусиқаси" халқаро фестивали дунё халқларининг маданий ва маънавий қадриятларини оммалаштириш, маданият ва санъат намояндалари ўртасидаги ижодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Туркманистон Давлат маданият марказининг "Мукамлар" саройи саҳнасида ташкил этилган концерт дастурида опера санъатининг бой турлари, жумладан, дунёнинг турли опера мактаблари вокал анъаналарининг нодир намуналари ижро этилди.

Эътиборлиси Ўзбекистон санъат усталарининг чиқишлари томошабинларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Томошабинлар Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрининг етакчи солистлари Дамир Раҳмонов ва Абдулла Ширинов, "Туркистон" камера оркестри созандаларини илиқ кутиб олди.

Ўзбекистон вакиллари дастуридан атоқли ўзбек бастакорларининг операларидан ариялар, симфоник аранжировкадаги халқ куйлари, Европа операсининг мумтоз асарлари ва Шарқ романтикаси намуналари ўрин олди. Ўзбекистонлик санъаткорлар томонидан тақдим этилган "Майсаранинг найранглари" операсидан "Чўпонали қўшиғи" фестивалда юксак баҳоланди.

"Жаҳон мусиқаси" фестивали маданий бирликнинг ёрқин намойишига айланди. Ўзбекистон опера санъати вакилларининг иштироки эса ўзбек миллий опера мактабининг юксак савиясини яна бир бор намойиш этди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш