Logo

Ўзбекистон фольклор санъати Испаниянинг Экстремадура автоном ҳамжамиятида тақдим этилади

Июль 15, 2025. 14:22 • 2 дақ

78
Ўзбекистон фольклор санъати Испаниянинг Экстремадура автоном ҳамжамиятида тақдим этилади

ЭКСТРЕМАДУРА, 15 июль. /"Дунё" АА/. Шу йилнинг 15-22 июль кунлари Испаниянинг Экстремадура автоном ҳамжамиятида 44-Халқаро фольклор фестивали бўлиб ўтади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Маданий хилма-хиллик ва халқлар ўртасидаги дўстлик рамзига айланган ушбу муҳим тадбир дунёнинг турли мамлакатлари, Португалия, ва Испаниянинг турли минтақаларидаги гуруҳларни бирлаштиради. "CadenaSer" порталида эса Тайвань, Ўзбекистон ва Ирландия фольклор гуруҳлари Экстремадурадаги халқаро фестивалида иштирок этиши ҳақидаги хабарни тарқатди.

Ўзбекистон номидан мазкур фестивалда "Шарқ садолари" фольклор ансамбли иштирок этади.

Ҳафталик давомида "Шарқ садолари" фольклор ансамбли нафақат ҳудуд пойтахти Бадахос шаҳрида, балки бошқа шаҳарлар, жумладан, Сан-Виценте-де-Алькантара, Кастуэра, Торреоргаз, Фуэнте-де-Кантос ва Вальделакальзадада ҳам концерт беради.

Фестиваль концертлар, парадлар, анъанавий ўйинлар ва маҳорат дарслари каби қатор тадбирларни ўз ичига олади. Хусусан, 16 июль куни Бадахос шаҳридаги Сан-Франциско майдонида Ўзбекистон вакиллари халқ ўйинларига бағишланган тадбирда иштирок этади. 17 июль куни эса "Шарқ садолари" ансамбли барча фестиваль иштирокчилари билан биргаликда шаҳар кўчалари бўйлаб ўтказиладиган парадда қатнашади.

Шунингдек, фестиваль дастуридан Бадахос шаҳар ҳокимияти олдидаги бош майдонда концерт уюштирилиши режалаштирилган.

Экстремадурадаги фестиваль ҳар йили кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларининг эътиборини тортади. У нафақат анъанавий қўшиқ ва рақсларни намойиш этади, балки мамлакатлар ўртасидаги маданий мулоқотни чуқурлаштиришга ҳам хизмат қилади. Бу йилги фестивалда саккизта халқаро ва миллий гуруҳ вакилларидан иборат 240 га яқин ижодкор иштирок этиши кутилмоқда.

Ўзбекистоннинг бундай нуфузли маданий тадбирда иштирок этиши ўзбек маданияти ва санъатини хорижда тарғиб этишда муҳим қадам бўлди.

Мазкур фестивалда Ўзбекистон вакилларининг чиқиши ўзбек халқининг бой маданий меросини, бетакрор санъатини, миллий либослари ва гўзал рақсларини намойиш этиш учун ёрқин имкониятдир. Шунингдек, Ўзбекистон ва Испания ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлайди, маданият ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятларини кенгайтиради.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш