Logo

Хитойда очилган халқаро ҳайкалтарошлик кўргазмасида Алишер Навоий композицияси тақдим этилмоқда

Июль 07, 2025. 14:02 • 2 дақ

92
Хитойда очилган халқаро ҳайкалтарошлик кўргазмасида Алишер Навоий композицияси тақдим этилмоқда

ЦИНДАО, 7 июль. /"Дунё" АА/. Хитойнинг Циндао шаҳрида "Бирдамлик нури уйғунликда" номли халқаро ҳайкалтарошлик кўргазмаси очилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Кўргазма Хитойнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) доирасидаги маданий-гуманитар ташаббусларидан бири сифатида ташкил этилди .

Унда ШҲТга аъзо давлатлар келган ҳайкалтарошлар асарлари намойиш этилмоқда. Ушбу асарлар маданий мулоқот ва ўзаро тушунишни ривожлантиришда муҳим платформа вазифасини ўтайди.

Ўзбекистон ушбу кўргазмада "Бирдамлик нури уйғунликда" номли ҳайкал билан тақдим этилди. Ушбу асар таниқли ҳайкалтарош Вазир Норматов томонидан яратилган. Композиция замонавий абстракт услубда яратилган. Санъат асаридаги очиқ қўл шакли уйғунлик, келишув ва бирлашув рамзи сифатида талқин қилинмоқда.

Кўргазмада намойиш этилаётган энг муҳим асарлардан бири – бу Хитой ҳайкалтароши У Сяолин томонидан яратилган Алишер Навоийнинг бронзадан ясалган ҳайкалидир. Унда буюк ўзбек шоири, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий китоб ушлаган ҳолда тасвирланган. Ушбу образ Навоийнинг маърифатпарварлик роли ва маънавий меросини ифодалайди. Унинг орқасида эса Ўзбекистоннинг миллий рамзи – Ҳумо қуши жойлаштирилган. Бу рамз эркинлик, илҳом ва олий мақсадларга интилишнинг тимсолидир.

Хитойлик ҳайкалтарош томонидан Алишер Навоий меросига бағишлаб ясалган мазкур ёдгорлик нафақат ижодий ҳамкорликнинг намойиши, балки ўзбек халқининг буюк аждодларига бўлган чуқур ҳурматни кўрсатади. Шунингдек, мазкур композиция икки халқ ўртасидаги гуманитар алоқалар ва маданий яқиндан ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўзбекистоннинг ушбу кўргазмадаги иштироки ШҲТ доирасидаги маданий дипломатия фаолиятини ривожлантиришнинг бир қисми бўлиб, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро тушуниш ва ҳамкорликни янада чуқурлаштиришни назарда тутади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш