Logo

Германияда бўлиб ўтган "Jarmarka-2025" фестивалида рекорд даражадаги ўзбек палови тайёрланди

Июнь 25, 2025. 11:55 • 1 дақ

222
Германияда бўлиб ўтган "Jarmarka-2025" фестивалида рекорд даражадаги ўзбек палови тайёрланди

БАД-ЗАЛЬЦУФЛЕН, 25 июнь. /"Дунё" АА/. Германиянинг Бад-Зальцуфлен шаҳридаги "Messezentrum Bad Salzuflen" кўргазма марказида Европадаги энг йирик маданиятлараро фестиваль – "Jarmarka 2025" бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Икки кун давом этган ва дунёнинг кўплаб мамлакатларидан жами 35 минг нафар меҳмон қатнашган ярмаркада ҳамюртимиз Евгений Шац бошчилигида 220 килограмм гуручдан палов тайёрланди.

Маълумки, палов ва у билан боғлиқ урф-одат ҳамда анъаналар ЮНЕСКО томонидан Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган. Мазкур таом, шунингдек, мамлакатимиз маданияти ва меҳмондўстлигининг ажралмас қисми ҳисобланади.

Фестиваль иштирокчилари нафақат миллий таомларимиз, балки ўзбек маданияти ҳақида ҳам кўпроқ маълумотга эга бўлишди, бу эса сайёҳларни Ўзбекистонга сафар қилишга ундагани шубҳасиз.

"Икки кун давомида мен ва жамоамиз фестивалда 220 килограмм гуручдан (тахминан 820 кг ош) Тошкент тўй ошини тайёрладик. Ўзбек палови Германияда илк марта – иккита 225 литр ҳажмдаги қозонда, юртимиздан келтирилган гуруч, зираворлар ва ингредиентлардан фойдаланган ҳолда тайёрланди. Хушбўй ва мазали миллий таомимиз 2500 дан ортиқ меҳмонга тарқатилди", – деди ҳамюртимиз Евгений Шац.

Германияда ташкил этилган фестиваль дунё пазандачилиги қаторида ўзбек ошхонаси муносиб ўринда эканлигини тасдиқлади.

Ташкилотчиларга кўра, "Jarmarka-2026" фестивали кейинги йил 23-24 май кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш