Жакартадан муносабат: Индонезия халқи Ўзбекистонни муқаддас юрт деб билади ва Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш уларнинг орзуси
Июль 08, 2025. 09:59 • 5 дақ
• 165
ЖАКАРТА, 8 июль. /"Дунё" АА/. Шариф Ҳидоятулла номидаги Жакарта давлат ислом университетида "Мовароуннаҳрдан Жануби-Шарқий Осиёга: ҳадис илмлари ва интеллектуал алоқалар" мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Анжуманда Индонезиянинг Олий таълим ва Дин ишлари вазирликлари раҳбарияти, Уламолар кенгаши вакиллари, дин арбоблари, исломшунос олимлар, соҳа мутахассислари, талаба ёшлар ва матбуот ходимлари ҳамда Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси, Мусулмонлар идораси, Имом Бухорий, Имом Мотурудий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси масъул ходимларидан иборат илмий гуруҳ қатнашди.
Конференцияда ўз маъруза қилган индонезиялик ҳадисшунослар Имом Бухорийнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси, буюк муҳаддиснинг ҳаёт йўли ва илмий-маънавий мероси ҳақида сўз юритиб, бугунги таҳликали ва мураккаб дунёда унинг таълимотини кенг тарғиб қилиш давр талаби эканлигини алоҳида қайд этдилар.
Хорижий тадқиқотчилар қадимий манбаларга таянган ҳолда икки мамлакат ўртасидаги алоқалар бир неча асрлар муқаддам ўрнатилганини таъкидлаб, Индонезия оролларида ислом динининг қарор топишида Мовароуннаҳр, жумладан Ўзбекистон диёридан етишиб чиққан уламолар алоҳида ўрин тутишини эътироф этишди.
Мамлакатимиз делегацияси аъзолари сўнгги йилларда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан республикамизда ташкил этилган илм-маърифат марказлари ҳақида тўхталдилар. Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига оид маълумотлар алоҳида таъкидланди.
Конференция доирасида Ўзбекистонда диний-маърифий мавзусида чоп этилган асарлар тақдимоти ўтказилди. Шунингдек, "Имом Бухорий юртидан келган нур" мавзусида махсус кўргазма ташкил этилди. Унда Имом Бухорийнинг ҳадис тўплаш йўлидаги меҳнати ва илмий изланишларини акс эттирувчи маълумотлар, Индонезия биринчи Президенти Сукарнонинг 1956 йилда Ўзбекистонга амалга оширган ташрифига оид фотосуратлар, Индонезияда исломнинг тарқалиши билан боғлиқ тарихий ҳужжатлар намойиш этилди.
Конференция якунида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Шариф Ҳидоятулла номидаги Жакарта давлат ислом университети ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Индонезия халқ манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазири Муҳаймин Искандар, экология вазири ўринбосари Диас Хендроприоно, мамлакат Уламолар кенгаши бош котиби Амир Шоҳ Тамбунан билан учрашувлар ўтказди.
Дастурнинг якуний қисмида юртимиз делегация аъзолари Богор шаҳрида жойлашган Индонезия Миллий Ботаника боғида икки мамлакат ўртасидаги дўстлик рамзи сифатида ташкил этилган дарахт экиш маросимида қатнашдилар.
Асеп Сайфуддин Жоҳар, Шариф Ҳидоятулло номидаги Жакарта давлат ислом университети ректори:
– Халқларимизни ягона дин, ўхшаш қадриятлар, тарихий ва маданий муштараклик бирлаштириб туради.
Ўзбекистон ҳудуди қадимдан дунёнинг илм-фан, маърифат ва маданият марказларидан бири ҳисобланади. Азалдан ислом оламида юксак нуфузга эга бўлган. Бу заминда Имом Бухорий, Ибн Сино, ал-Хоразмий, Имом Мотурудий каби буюк олим ва донишмандлар дунёга келган.
Индонезияга ислом дини кириб келиб, мустаҳкам илдиз отишида Самарқанд диёридан етишиб чиққан алломаларнинг ўрни беқиёс. Хусусан Малик Иброҳим Самарқандий шахсияти алоҳида эътиборга молик. Бугунги кунда унинг қабри мўътабар зиёратгоҳга айланган бўлиб, Индонезиядаги "Wali Songo" авлиёлар силсиласининг асосчиси сифатида қабул қилинади. Унинг номини янада абадийлаштириш мақсадида Индонезиянинг Маланг вилоятида Малик Иброҳим Самарқандий номидаги университет очилган.
Университетимизда ташкил этилган илмий-амалий конференция мамлакатларимиз ўртасида таълим соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришга, Имом Бухорий меросини тадқиқ этиш ва оммалаштириш бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга ҳамда университетлараро мулоқот платформасини яратишга қаратилган.
Арскал Салим, Индонезия Дин ишлар вазирлиги бош директори, Олий таълим ва тадқиқотлар маркази раҳбари, профессор
– Индонезияда қадим Мовароуннаҳр алломалари катта эҳтиром билан тилга олинади. Улар ислом илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган.
Ўзбекистон деганда кўз олдимизга Ғарбда Авиценна номи билан шуҳрат қозонган, "Тиб қонунлари" асарининг муаллифи Ибн Сино, алгебра фанининг асосчиси Ал Хоразмий, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ва бошқа кўплаб буюк олимлар, уламо ва файласуфлар келади. Индонезия халқи Ўзбекистонни муқаддас юрт деб билади. Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш ҳар бир индонезиялик мусулмоннинг орзуси.
Нур Мовароуннаҳрдан чиққан. Илм нури ўша ҳудуддан тарқалган. Ўзбекистон дунё ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган давлат сифатида эътироф этилади.
Эка Шанти Рофи, "Kalimantan post" газетаси бош муҳаррири:
– Имом Бухорий илмий меросини тарғиб қилишни ҳаётимнинг бош ғояси, мазмун-моҳияти деб биламан. Ўзбекистон ислом илм-фани ва маданиятига улкан ҳисса қўшган кўплаб буюк зотларни тарбиялаган мўътабар замин. Бу юртнинг ҳар қарич ери муқаддас, ҳар гўшаси мўътабар.
Юзлаб, ҳатто минглаб уламоларнинг айнан Ўзбекистондан етишиб чиқишининг сири нимада?" – деган савол мени узоқ йиллардан бери ўйлантириб келар эди. Юртингизга ташрифим давомида бу жумбоқнинг жавобини топгандек бўлдим. Аллоҳ таоло азиз қилган Ватанингиз ҳар қандай инсонни ўзига мафтун этади. Танти ва меҳмондўст ўзбек халқини таърифлашга тил ожиз. Мен Ўзбекистонга ташриф буюрсам, ўзимни худди она Ватанимда юргандек ҳис этаман. Ўзбекистонда илм ва маърифат нурини ҳис қилдим. Бу нур бугун бутун дунё, жумладан, Индонезия учун ҳам ғоят муҳим деб ҳисоблайман. Ўзбекистондан бирор меҳмон Индонезияга ташриф буюрса, гўёки Имом Бухорийлар, Мотуридийлар, Термизийларнинг маърифат нурини Ватанимга олиб келгандек бўлади. Индонезия бу маърифат зиёсидан куч олади.
Мамлакатингиз зиёрат туризми соҳасида ғоят улкан салоҳиятга эга. Бу имкониятни ишга солган ҳолда индонезиялик сайёҳларнинг Ўзбекистонга ташрифини уюштирсак, икки мамлакат учун ҳам фойдали бўлар эди. Бухоро, Самарқанд, Хива каби тарихий шаҳарларни зиёрат қилишни, умри ислом маърифати йўлида ўтган буюк алломаларнинг мақбараларини бориб кўришни ҳар бир индонезиялик орзу қилади. Бунинг учун эса бор куч ва имкониятларимизни ишга солишимиз даркор. Мен бунга доим тайёрман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Тожикистон театрида ўзбек спектакли намойиш қилинди
Германия пойтахтида ўзбек сўзаналари кўргазмаси ташкил этилди
Польшада “Аёл қисмати” ўзбек фильми премьераси бўлиб ўтди