Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асари корейс тилида нашр этилди
Ноябрь 04, 2026. 14:00 • 3 дақ
• 224СЕУЛ, 4 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Корея Республикасидаги элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асари корейс тилида нашр этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бу саъй-ҳаракат халқимизнинг бой адабий-маданий меросини хорижда кенг тарғиб қилиш, ўзбек адабиётининг сара намуналарини жаҳон китобхонларига етказиш мақсадида амалга оширилди.
Мазкур воқеа муносабати билан Сеул шаҳрида китоб тақдимоти маросими бўлиб ўтди. Асар Ханкук хорижий тиллар университети Марказий Осиё кафедраси профессори Ли Жи Ëн ҳамда ватандош профессорларимиз Наргиза Абдухалилова ва Дилноза Каланова томонидан корейс тилига таржима қилинди.
Тақдимотда дипломатик ваколатхона дипломатлари, асар таржимонлари, Жанубий Корея олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, талабалар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан элчи Алишер Абдусаломов Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришда маданият ва адабиётнинг муҳим ўрни ҳақида тўхталиб ўтди.
“Дунёнинг ишлари” асарида она меҳри, оила, фарзандлик бурчи, сабр-тоқат ва фидойилик каби умуминсоний қадриятлар юксак бадиий маҳорат билан акс эттирилган. Асарнинг корейс тилида нашр этилиши кореялик китобхонларга ўзбек халқининг маънавий дунёси, миллий қадриятлари ва ҳаёт тарзи билан яқиндан танишиш имконини беради.
Таржимон, профессор Ли Жи Ëн Ўзбекистон билан кўп йиллик илмий ва маданий алоқалари ҳақида сўз юритиб, мазкур лойиҳа мамлакатимиз маданиятини Жанубий Кореяда кенг тарғиб этишга қўшилган ҳисса эканини таъкидлади.
Тақдимот доирасида Ханян университети профессори Чон Се Жин ва Кёнгдон университети Халқаро интеграция факультети профессори Саида Адҳамова ҳам китобнинг адабий ва маданий аҳамияти хусусида ўз фикрларини билдирдилар.
Учрашувда Ўткир Ҳошимовнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди. Ханкук хорижий тиллар университетида ўзбек тилини ўрганаётган кореялик талабалар ўзбек тилида сўзга чиқиб, китоб ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашдилар.
Иштирокчилар асарнинг корейс тилида нашр этилишини икки халқ ўртасидаги маданий мулоқотни ривожлантириш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ва ўзбек адабиётини Кореяда кенг тарғиб қилиш йўлидаги муҳим қадам сифатида эътироф этдилар.
Мазкур нашр Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш, халқларимизнинг адабий ва маънавий мероси билан ўзаро танишувини кенгайтиришга хизмат қилади.
Тақдимот маросими Жанубий Корея оммавий ахборот воситаларида ёритилди. “Дунёнинг ишлари” асарининг корейс тилидаги нашри Сеулдаги йирик халқаро китоб ярмаркасида ҳам намойиш этилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



