Logo

Россиянинг Приморск ўлкаси Уссурийск шаҳрида "Палов фестивали" ўтказилди

Май 06, 2025. 17:22 • 54 сония

748
Россиянинг Приморск ўлкаси Уссурийск шаҳрида "Палов фестивали" ўтказилди

ВЛАДИВОСТОК, 6 май. /"Дунё" АА/. Россиянинг Приморск ўлкаси Уссурийск шаҳрида "Палов фестивали" ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Уссурийск шаҳридаги "Благодать" номли дам олиш марказида ўтказилган фестиваль Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси ташаббуси билан Приморск ўлкаси корейслари миллий-маданий автономияси жамоат ташкилоти билан биргаликда ташкил этилди.

Тадбирда Приморск ўлкасида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус, ўзбек, корейс ва бошқа миллат диаспорал ташкилотлари вакиллари, маҳаллий аҳоли ва фаол ватандошлар иштирок этди.

Фестиваль доирасида Ўзбекистон салоҳиятига бағишланган кўргазма ташкил этилди. Иштирокчиларга мамлакатимизда сайёҳликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, юртимизнинг мазкур йўналишдаги бой салоҳияти, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби кўҳна шаҳарларимизда туристлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда "Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси" концепциясининг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди.

"Палов фестивали" давомида маҳоратли ошпазлар томонидан палов тайёрлаш бўйича мастер-класс ўтказилди. Шунингдек, ўзбек паловининг Тошкент, Фарғона, Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари турлари тайёрланди.

Тадбир доирасида ўзбек диаспораси вакиллари томонидан ўзбек миллий куй-қўшиқлари ижро этилди.

Меҳмонлар "Палов фестивали" юқори даражада ўтганини таъкидлаш баробарида, ўзбек халқининг меҳмон дўстлигини яна бир карра эътироф этдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш