Logo

Озарбайжонда Абдулла Қодирийнинг машҳур "Ўткан кунлар" асари асосида спектакль саҳналаштирилди

Май 03, 2025. 12:49 • 2 дақ

80
Озарбайжонда Абдулла Қодирийнинг машҳур "Ўткан кунлар" асари асосида спектакль саҳналаштирилди

БОКУ, 3 май. "Дунё" АА/. 29 апрель куни Боку шаҳридаги Озарбайжон Давлат академик миллий драма театрида ўзбек романчилик мактабининг асосчиси Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" асари асосида саҳналаштирилган спектаклнинг премьераси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Спектакль Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Озарбайжон Миллий Межлисининг Маданият қўмитаси кўмагида Боку муниципал театри жамоаси томонидан саҳналаштирилди.


Премьерада Озарбайжон зиёлилари, илм-фан ва маданият намоёндалари, Ўзбекистондан келган таниқли ёзувчи ва шоирлар, маданият ва санъат арбобларидан иборат делегация иштирок этди.


Тадбирда нутқ сўзлаган Озарбайжон Миллий Межлиси депутати, парламентнинг маданият қўмитаси раиси ўринбосари Гюгай Эфендиева Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги дипломатик алоқалар ҳақида сўз юритди. У икки давлат раҳбарлари томонидан намоён этилаётган яқин биродарлик намунаси дўстлик, ишонч ва ўзаро англашувга асосланган икки томонлама муносабатларга мустаҳкам замин яратганини таъкидлади.


Ўзбекистон халқ шоири, Ёзувчилар уюшмаси драматургия ижодий кенгаши раиси Усмон Азим ўз нутқида, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг барча соҳаларда, жумладан, маданий-гуманитар йўналишда ривожланаётганини, санъат соҳасидаги янги лойиҳалар, маданият арбобларининг ўзаро ташрифлари амалга оширилаётганини эътироф этди.


"Ўтган кунлар" асари озар тилига 1928-1929 йилларда машҳур туркшунос олим Холид Саид Хўжаев томонидан таржима қилинган. Орадан қарийб 100 йил ўтиб, ушбу асар Озарбайжон театр саҳнасига олиб чиқилди.


Томошабинлар бутун спектакл давомида бош қаҳрамонлар тақдирига бефарқ бўлмай, улар билан бирга қувонди ва изтироб чекди. Спектакль якунида эса режиссёр ва актёрларга юқори даражадаги саҳна асари учун самимий миннатдорлик изҳор этдилар.


Таъкидлаш жоизки, Боку муниципал театри томонидан саҳналаштирилган "Ўткан кунлар" спектакли Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг ёрқин ифодаси бўлди. Шунингдек, мазкур саҳна асари халқларимиз ўртасидаги маданий  ришталарни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш