Абу-Дабида Ўзбекистон делегацияси махсус мукофот билан тақдирланди
Ноябрь 21, 2025. 11:11 • 2 дақ
• 122
АБУ-ДАБИ, 20 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм бўйича департаменти бошлиғи, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова бошчилигидаги делегация Абу-Дабига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф доирасида Гаянэ Умерова Шайх Зоид номидаги Инсоний биродарлик мукофоти бош котиби Муҳаммад Aбдулсалом билан учрашди.
Мулоқот давомида маданият, илм-фан ва таълим соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилинди. Таълим дастурлари соҳасида шерикликни ривожлантириш, замонавий таълим моделларини жорий этиш ва тажриба алмашиш бўйича фикр-мулоҳаза алмашилди.
Маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, инсонпарварлик қадриятларини илгари суришга қаратилган истиқболдаги қўшма лойиҳаларни режалаштириш муҳокамаларнинг алоҳида йўналиши бўлди.
Шу куни Лувр Aбу-Даби музейида ислом санъати, хаттотлик ва шеъриятга бағишланган дунёнинг етакчи платформаларидан бири бўлган "Al Burda Award" мукофотининг тантанали маросими бўлиб ўтди. Бу галги 19-мавсумга бағишланган маросим "Unity" (Бирдамлик) мавзуси остида ўтказилиб, халқлар ўртасидаги маданий ва маънавий ўзаро англашув ғоясини акс эттирди.
Ушбу нуфузли тадбирда Гаянэ Умерова бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси "Фахрий меҳмон" мақомида иштирок этиб, мамлакатнинг бой бадиий ва ҳунармандчилик меросини ёрқин намойиш этгани муносабати билан алоҳида мукофот билан тақдирланди.
Шунингдек, маросим доирасида анъанавий "Манзур" мусиқий ансамблининг чиқиши ҳам тақдим этилди. БАА, Қувайт, Япония, Миср, Гвинея, Туркия, Эрон ва Франциядан келган санъаткорлар иштирокидаги дастурда вакиллармизнинг ижод намуналари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси