Logo

"Баҳорни излаб" фильми Россиядаги халқаро фестивалда иккита номинацияда мукофотланди

Август 26, 2025. 10:30 • 55 сония

60
"Баҳорни излаб" фильми Россиядаги халқаро фестивалда иккита номинацияда мукофотланди

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 26 август. /"Дунё"АА/. Шу йилнинг 22-24 август кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида VI "Lendoc Film Festival" халқаро кинофестивали бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" AA мухбири.

Маданий тадбир "Лендок" киностудияси ва "Кинокультура" нотижорат ташкилоти томонидан Россия маданият вазирлиги ва Санкт-Петербург маданият қўмитаси кўмагида ташкил этилди.

Танлов дастурида 2023-2025 йилларда Россия ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари кинорежиссёрлари томонидан яратилган бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойиш этилди. Эътиборлиси, фестивалда Ўзбекистон кинематографиясининг ёрқин намуналаридан иборат фильмлар тақдим этилди. Жумладан, "Баҳорни излаб" (режиссёр Аюб Шахобиддинов), "Тайметов. Ғалаба элчиси" (режиссёр Элдар Юлдашев), "Уйга қайтиш" (режиссёр Дилшода Қосимова) ва "Уй" (режиссёр Жамшид Нарзиқулов) каби ўзбек фильмлари томошабинлари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Бу эса ўз навбатида, ўзбек киноижодкорларининг юқори профессионал салоҳиятини яна бир бор тасдиқлади.

Фестиваль доирасида кино санъати усталари билан ижодий учрашувлар, етакчи кинорежиссёрлар иштирокида маҳорат дарслари ҳамда экспертлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Танлов якунларига кўра, "Баҳорни излаб" фильми икки номинацияда ғолиб деб эълон қилинди. Яъни "Энг яхши сценарий" учун Эркин Азам ва "Энг яхши аёл роли" учун Раъно Шодиева тақдирланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш