Ўзбек рассомлари асарлари Шанхайдаги халқаро кўргазмада намойиш этилди

Июнь 12, 2026. 18:30 • 2 дақ

69
Ўзбек рассомлари асарлари Шанхайдаги халқаро кўргазмада намойиш этилди
Ўзбек рассомлари асарлари Шанхайдаги халқаро кўргазмада намойиш этилди

ШАНХАЙ, 12 июнь. /“Дунё” АА/. Шанхайда 11–12 июнь кунлари XVI Халқаро анъанавий тасвирий санъат кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир Шанхайнинг Чаннин райони администрацияси, Санъат тўпламлари музейи, Халқаро кўргазмалар маркази ҳамда Халқ ҳукумати Маданият ва туризм бюроси томонидан ташкил этилди.

Форумда Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Арманистон, Япония, Қатар, Покистон, Хорватия ва Чехия каби 30 дан ортиқ мамлакатдан 150 нафарга яқин таниқли рассом, амалий санъат устаси ва экспертлар иштирок этди. Ўзбекистон номидан тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори Баҳром Ҳасанов қатнашди.

Кўргазма доирасида Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий мероси тақдимоти ҳамда ўзбек рассомлари асарларининг экспозицияси бўлиб ўтди. Тақдим этилган ижод намуналари ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди ва мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.

Шанхай бадиий коллекциялар музейи директори Ху Мучин ўзбек экспозицияси ўзига хослиги ва бой маданий мазмуни билан кўплаб меҳмонлар эътиборини тортганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, анъанавий санъат чегара билмайди ва бундай кўргазмалар Шарқ ва Ғарб халқлари ўртасида дўстлик ва ўзаро англашув учун муҳим кўприк бўлиб хизмат қилади.

Кўргазма иштирокчилари ўзбек усталарининг асарлари чуқур фалсафаси, ёрқин бадиий ифодаси ва ранг-баранглиги билан ажралиб туришини қайд этди.

Тадбир Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш