Берлинда ўзбек миллий ошхонасига бағишланган гастрономик тадбир бўлиб ўтди
Ноябрь 03, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 247БЕРЛИН, 3 ноябрь. /“Дунё” АА/. Германия пойтахтида мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда “San’at Forum für Kunst, Kultur und Wissenschaft e.V.” жамияти ташкил топганининг бир йиллигига бағишланган “Ўзбекистонга гастрономик саёҳат” маданий-маърифий тадбири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“KochRaum Instinct” гастрономик ва маданий марказида ўтказилган ушбу кечада немис жамоатчилиги вакиллари, ўзбек миллий ошхонаси, санъати ва маданияти мухлислари ҳамда жамият фаоллари иштирок этдилар.
Тадбирнинг асосий мақсади немис меҳмонларини ўзбек халқининг бой кулинар мероси, миллий қадриятлари ва меҳмондўстлик анъаналари билан яқиндан таништириш.
Дастурнинг марказий воқеаси ўзбек миллий ошхонасининг шоҳ таоми – палов тайёрлаш бўйича маҳорат дарси бўлди. Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси ошпази меҳмонларга паловни тайёрлашнинг анъанавий жараёнини намойиш этиб, масаллиқларни танлаш, уларни қайта ишлаш ва тайёрлашнинг ўзига хос сирлари ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Маҳорат дарси давомида “San’at Forum” жамияти раҳбари Зуҳра Раҳматова немис тилида ош тайёрлашнинг ҳар бир босқичини шарҳлаб борди. У иштирокчиларни палов тарихи, унинг минтақавий турлари, шунингдек, миллий урф-одат ва меҳмондўстлик анъаналаридаги ўрни билан таништирди.
Тадбирда палов ўзбек халқининг бирлик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик қадриятларини ўзида мужассам этган маданий мероси экани алоҳида таъкидланди. Ушбу таомни тайёрлаш ва истеъмол қилиш билан боғлиқ анъаналар ЮНЕСКОнинг Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган.
Кечанинг маданий дастури ҳам жуда бой ўтди. Меҳмонларга ўзбек миллий мусиқа асарлари ва рақслари тақдим этилиб, мамлакатимиз маданий меросининг ранг-баранглиги намойиш қилинди. Шунингдек, миллий ошхона, палов тайёрлаш анъаналари, тарихий-маданий мерос ва санъатга бағишланган видеороликлар намойиш этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



