“IT Park Uzbekistan” Саудия Арабистони билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Сентябрь 09, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 75АР-РИЁЗ, 9 сентябрь. /“Дунё” АА/. “IT Park Uzbekistan” вакиллари Ар-Риёз шаҳрида бўлиб ўтган “LEAP 2026” халқаро технология кўргазмасида иштирок этдилар, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир доирасида “IT Park Uzbekistan”нинг Ар-Риёздаги офисида саудиялик IT-компаниялар вакиллари иштирокида “давра суҳбати” ўтказилди. Иштирокчиларга Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт, дастурлаш, стартаплар ва IT-хизматлар экспортини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Томонлар “IT Park” резидентлари учун яратилган шароитлар, солиқ имтиёзлари, инвестицияларни жалб этиш ва экспортни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Таъкидланганидек, резидентлар орасида АҚШ, Канада, Франция, Япония ва Саудия Арабистони компаниялари ҳамда мутахассислари аллақачон фаолият юритмоқда, Ўзбекистондан IT-хизматлар экспорти эса изчил ўсишда давом этмоқда.
Шунингдек, иштирокчилар рақамли кўникмаларни ва сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича ташаббусларни, жумладан, “Бир миллион дастурчи” ва “Сунъий интеллект бўйича бир миллион етакчи” лойиҳаларини ҳамда IT-таълимни такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунлари бўйича Саудия Арабистонининг “Proxima” ва “ZATechnologies” компаниялари билан ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди. “Al Rajhi Telecom” компанияси билан эса ўзбек технологик маҳсулотлари ва хизматларини Саудия Арабистони ҳамда Форс кўрфазининг бошқа мамлакатларида илгари суриш бўйича меморандум тузилди.
Саудиялик ҳамкорлар жорий йилнинг 21–25 октябрь кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган “ICT Week Uzbekistan 2026” ҳафталигида иштирок этишга таклиф қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



