Logo

Таржимон ва адабиётшунос ватандошимизнинг китоби Швейцарияда тақдим этилди

Август 05, 2025. 14:47 • 50 сония

210
Таржимон ва адабиётшунос ватандошимизнинг китоби Швейцарияда тақдим этилди

ҲИНВИЛЬ, 5 август. /"Дунё" АА/. Швейцариянинг Ҳинвиль шаҳрида атоқли ўзбек ижодкори қаламига мансуб китобнинг тақдимоти ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Цюрих шаҳри яқинида жойлашган Ҳинвил шаҳардаги "Ҳадликон" маданият марказида таржимон ва адабиётшунос Ҳафиза Қўчкарованинг ўзбек тилида ёзилган ва немис тилига ўгирилган "Шер ўғли" китоби тақдим этилди. Адабиёт кечасида швейцариялик адабиётшунослар, санъаткорлар, журналистлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ушбу асар муаллифнинг бобоси ва бувисидан эшитган ҳикоялари асосида яратилган. Юртдошимиз ўз асарида Иккинчи жаҳон урушининг аянчли оқибатларини ўз замондошларига яна бир бор эслатган.

Китоб ҳақида "Ҳадликон" маданият маркази раҳбари Урс Нойком, Цюрих университети профессорлари Ҳанс Бэр ва Марианне Бэрле-Моор, Цюрих мусиқа фестивали директори Жованни Бриа ўз фикрларини билдирдилар. Маърузачилар ўз чиқишларида, бу каби замонавий ўзбек адабиёти мутолаа кечалари нафақат икки давлат ўртасидаги адабий алоқаларни мустаҳкамлашда, балки Ўзбекистоннинг тарихий, маданий ва сайёҳлик салоҳиятини танитишда катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Тақдимотнинг маданий қисмида пианиночи Жан Дебуа томонидан ижро этилган асарлар иштирокчиларга хушкайфият улашди.  

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш