Logo

Япония пойтахтида "Самарқанд – Буюк ипак йўли маркази" мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

Май 05, 2025. 19:31 • 2 дақ

152
Япония пойтахтида "Самарқанд – Буюк ипак йўли маркази" мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

ТОКИО, 6 май. /"Дунё" АА/. "Японияда Ўзбекистон маданияти ҳафталиги" доирасида Токио шаҳридаги "Таканава жамияти маркази" билан биргаликда "Самарқанд – Буюк ипак йўли маркази" мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир шу йил Самарқандда бўлиб ўтадиган ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига кўрилаётган тайёргарлик ишлари доирасида ўтказилди.

Элчи Муҳсинхўжа Абдураҳмонов анжумандаги нутқида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги савдо-иқтисодий, туризм, маданият, илм-фан соҳаларидаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, у ўтказилаётган тадбир натижасида япон ҳамжамиятининг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши янада ошишига умид билдирди.

Иштирокчиларга икки мамлакат ўртасидаги маданий уйғунликка бағишланган "Кунчиқар юрт" номли видеоролик намойиш қилинди.

"Япония-Ўзбекистон" маданият маркази раҳбари Нодира Аминова икки халқ дўстлик ришталарини тараннум этивчи "сакура" ва "пахта" уйғунлигида тайёрланган ноёб кашта маданий лойиҳасини тақдимот қилди.

Тадбирнинг маданий қисмида Ўзбекистондан келган санъаткорлар ва мамлакатимизнинг Япониядаги маданият элчиси Машу Комазаки томонидан ижро этилган ўзбек миллий куй ва қўшиқлари ҳамда саҳна кўринишлари йиғилганларга юртимиз санъати ва маданиятини янада теранроқ тушуниш имкониятини тақдим қилди.

Ўзбек миллий либослари, халқ амалий санъати буюмлари, халқимизнинг бой маданий мероси ва юртимиздаги сайёҳлик масканлари ҳақидаги кўргазма ҳам Кун чиқар юрт вакилларига катта таассурот қолдирди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш