Ўзбекистонда Халқаро анъанавий тасвирий ва амалий санъат фестивали бўлиб ўтмоқда
Апрель 23, 2025. 16:46 • 2 дақ
• 124
ТОШКЕНТ, 24 апрель. /"Дунё" АА/. Жорий йилнинг 21-25 апрель кунлари Республикамиз бўйлаб "Атроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт" йилига бағишланган Халқаро анъанавий тасвирий ва амалий санъат фестивали бўлиб ўтмоқда, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар кўмагида ташкил этилди.
Халқаро анъанавий тасвирий ва амалий санъат фестивали миллий санъатимизнинг авлоддан авлодга ўтиб келаётган бой меросини тарғиб этиш, ўзбек тасвирий ва амалий санъати ютуқларини кенг танитиш, ижодий алмашинув, янги истеъдодларни юзага чиқариш, устоз-шогирд анъаналарини давом эттиришга хизмат қилмоқда.
Фестивалда Тошкент шаҳри, вилоят марказлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси кўргазма залларида таниқли хорижий ва маҳаллий ижодкорлар, усталарнинг сараланган асарлари асосида кўргазмалар, маҳорат дарслари ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар, халқаро илмий конференциялар, олий ва ўрта, ихтисослашган ва умумий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёш ижодкорларнинг ижодий лойиҳалари намойиши бўлиб ўтмоқда.
Фестивалга халқаро миқёсда қизиқиш катта. Бадиий академия 2023 йилдан бошлаб Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ билан тасвирий санъатда самарали ҳамкорлик қилиб, туркий олам яратувчанлигини кўрсатувчи турли ижодий лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширмоқда, ушбу ташкилотга аъзо Озарбайжон, Туркия, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон рассомларининг кўргазмаси ўтказиш анъанага айланди.
Дастурга кўра, бу йил Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида ТУРКСОЙ давлатларидан 21 нафар аёл рассомнинг "Турк дунёсининг аёл рассомлари" номли халқаро кўргазмаси ташкил қилинди.
"Турк дунёсининг аёл рассомлари" кўргазмаси, замонавий санъат ва маданиятимиз ҳаётида муҳим воқелик бўлди. Бу лойиҳа туркий аёл рассомларнинг ижод орқали дунёга ўз айтар сўзи, фикри борлигини англатади.
Тасвирий санъат соҳасида сўнгги йилларда Ўзбекистон Бадиий академиясининг Жанубий Корея, хусусан бу мамлакатнинг Кёмён университети билан алоқалар жадал ривожланмоқда. Фестиваль давомида Жанубий Кореянинг Кёмён университети тасвирий санъат факультети профессорлари бадиий кўргазмаси, талабаларининг замонавий ва анъанавий либослари намойиши бўлиб ўтади.
Бундан ташқари, дастурга Россия ва Туркия рассомларининг кўргазмалари ва маҳорат дарслари, шунингдек, иккита илмий-амалий конференция киритилган.
Вилоятларда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасига аъзо академиклар, рассомлар ва усталар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилмоқда.
Фестиваль якунида анъанага кўра "Камолиддин Беҳзод издошлари" миниатюра ва халқ амалий санъати танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳамда танлов иштирокчилари кўргазмасининг тақдимоти бўлиб ўтади.
Хорижий иштирокчилар учун юртимизнинг маданий мероси ва тарихий ёдгорликлари билан яқиндан танишиш мақсадида Самарқанд шаҳрига бир кунлик саёҳат ташкил этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Тожикистон театрида ўзбек спектакли намойиш қилинди
Германия пойтахтида ўзбек сўзаналари кўргазмаси ташкил этилди
Польшада “Аёл қисмати” ўзбек фильми премьераси бўлиб ўтди