Тошкентда нодавлат нотижорат ташкилотларининг Миллий форуми бўлиб ўтмоқда
Октябрь 25, 2023. 11:38 • 2 дақ
• 1232
ТОШКЕНТ, 25 октябрь. /«Дунё» АА/. Бугун Тошкентда «Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат органларининг ҳамкорлиги» мавзусида нодавлат нотижорат ташкилотларининг Миллий форуми бошланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Анжуманда миллий ва хорижий экспертлар, соҳага алоқадор вазирлик ва идоралар ҳамда ҳудудлардаги Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ННТ) бўлинмалари ходимлари иштирок этмоқда.
Тадбир иштирокчилари 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишида парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва ролини ошириш, болалар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий институтлар ва ННТларнинг аҳамияти, ногиронлиги бўлган шахсларга қулай муҳит яратиш ва ижтимоий интеграцияни амалга оширишда ННТларнинг ролини кучайтириш, ОАВнинг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг лозим даражада бажарилишида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қиладилар.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда илк маротаба инсон ҳуқуқлари соҳасида қабул қилинган ҳужжатлар ва уларнинг ижроси, энг асосийси, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари учун соҳа доирасида фикр алмашадиган конструктив мулоқот майдонини яратиш мақсадида айни мавзуда нодавлат нотижорат ташкилотларининг Миллий форуми ўтказилган эди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси