Кобулда биринчи "Марказий Осиё – Афғонистон" маслаҳат мулоқоти бўлиб ўтди
Апрель 06, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 97
КОБУЛ, 6 апрель. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг 5 апрель куни Афғонистон пойтахтида Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон ўртасида биринчи маслаҳатлашув мулоқоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Ariananews” электрон нашрида таъкидланишича, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланаётган ушбу юқори даражадаги тадбирда Марказий Осиёнинг бешта мамлакати — Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қозоғистондан вакиллар иштирок этди. Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган мазкур мулоқот дипломатик мувофиқлаштиришни осонлаштириш, иқтисодий интеграцияни кенгайтириш ва янги кўп томонлама сиёсий механизм яратишга қаратилган.
Афғонистон ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий минтақавий дипломатиянинг ушбу янги платформаси ўзаро ишонч ва барқарорликни мустаҳкамлашда таянч бўлишини таъкидлади. У ўз нутқида минтақа халқларини боғлаб турган чуқур тарихий ва маданий илдизларга, хусусан, Имом Бухорий ва Имом Абу Ҳанифа каби улуғ мутафаккирларнинг умумий меросига алоҳида тўхталди. «Бизнинг муносабатларимиз қарама-қаршилик эмас, балки ҳамкорлик ва фаровонликка интилиш тамойиллари асосида қурилган», — деди Амир Хон Муттақий.
Музокаралар марказида иқтисодий ва энергетик лойиҳалар турди. Қайд этилишича, 2025 йилда Афғонистоннинг Марказий Осиё билан савдо айланмаси 2,7 миллиард долларга етган ва яқин йилларда бу кўрсаткични 10 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда. ТАПИ газ қувури қурилиши, CASA-1000 энергетика лойиҳаси ва «Лапис Лазули» транспорт йўлагини ривожлантириш минтақавий боғлиқликни таъминловчи стратегик устувор йўналишлар сифатида эътироф этилди.
Шунингдек, хавфсизлик ва чегараларни бошқариш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Афғонистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан 2300 километрдан ортиқ умумий чегарага эга эканини инобатга олиб, гиёҳванд моддалар савдоси, ноқонуний миграция ва экстремизм каби трансчегаравий таҳдидларга қарши қўшма курашиш чоралари муҳокама қилинди. Афғонистон томони муаммоларни дипломатия ва ўзаро ҳурмат асосида, тинч йўл билан ҳал этишга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.
Якунда Амир Хон Муттақий ҳамкорликни тизимли давом эттириш учун мунтазам маслаҳатлашув механизмини шакллантириш, қўшма хавфсизлик тизимини яратиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашда кучларни бирлаштириш каби қатор амалий таклифларни илгари сурди. Ушбу мулоқот Марказий Осиё ва Афғонистон ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очиб, минтақада барқарор ривожланиш ва фаровонликка хизмат қилиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси