Logo

Покистон ОАВда янгиланган “Ўзбекистон–2030” стратегияси кенг ёритилди

Апрель 06, 2026. 10:32 • 2 дақ

50
Покистон ОАВда янгиланган “Ўзбекистон–2030” стратегияси кенг ёритилди

ИСЛОМОБОД, 6 апрель. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Islamabad Post”, “Daily Independent”, “Pakistan In The World”, “The World News”, “The Diplomatic Insight” каби етакчи нашрларида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляковнинг янгиланган “Ўзбекистон–2030” стратегиясига бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, янгиланган стратегия мамлакат тараққиёти ва ислоҳотларида янги босқични бошлаб берадиган муҳим ҳужжат ҳисобланади.

Ушбу стратегиянинг асосий жиҳатларидан бири – унинг аниқ мезонлар асосида амалга оширилишидир. 2030 йилга қадар ҳар йили баҳолаб бориладиган 100 та мақсад белгиланган бўлиб, уларнинг ҳар бири учун масъул идоралар, амалга ошириш механизмлари ва молиялаштириш манбалари аниқ кўрсатилган. Бу бошқарувда ҳисобдорлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, халқаро ташкилотлар ва ҳамкорлар ҳам жараёнда иштирок этиб, кузатув ва экспертлик ёрдамини кўрсатиши мумкинлиги таъкидланган.

Муаллифнинг қайд этишича, ушбу стратегиянинг биринчи устувор йўналиши инсон салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, аҳоли фаровонлиги билан боғлиқ 44 та мақсадни ўз ичига олади. Улар таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик ва ижтимоий ҳимоя соҳаларини қамраб олади. Шу билан бирга, илм-фанга ажратиладиган маблағларни ошириш, инновацияларни ривожлантириш ва Ўзбекистонни Глобал инновациялар индексида дунёнинг етакчи 60 давлати қаторига киритиш вазифалари белгиланган.

Шунингдек ўқинг

Иккинчи муҳим йўналиш – барқарор иқтисодий ўсишдир. Унга кўра, 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМни сезиларли даражада кўпайтириш режалаштирилган. Шу билан бирга, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартириш мақсад қилинган.

Стратегияда қонун устуворлигини таъминлаш ва самарали давлат бошқарувини шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, маҳаллий бошқарувни такомиллаштириш, электрон давлат хизматларини кенгайтириш ва ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш кўзда тутилган.

Янгиланган стратегия хавфсиз ва тинчликсевар давлатни шакллантиришга қаратилган бўлиб, бу ташқи сиёсат фаоллиги, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш ва меҳнат миграциясини тартибга солиш орқали амалга оширилади.

Мақолада ёзилишича, янгиланган “Ўзбекистон–2030” стратегияси келгуси ўн йилликда мамлакат тараққиётининг асосий йўналишларини белгилаб берувчи муҳим дастур бўлиб хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш