Logo

АҚШ Миллий географик жамияти Ўзбекистонда медиа ва экологик лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор

Апрель 06, 2026. 12:27 • 2 дақ

101
АҚШ Миллий географик жамияти Ўзбекистонда медиа ва экологик лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор

ВАШИНГТОН, 6 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари Американинг Миллий географик жамиятининг (“National Geographic Society”) фан ва инновациялар бўйича директори Иан Миллер билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда Ўзбекистон томонидан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, “Замин” халқаро жамоат фонди ҳамда дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Томонлар Ўзбекистоннинг табиий, маданий, илмий ва сайёҳлик салоҳиятини халқаро майдонда биргаликда тарғиб қилиш имкониятларини муҳокама қилди. Хусусан, қор қоплони, сайғоқ, чўл судралиб юрувчилари ва кўчиб юрувчи қушлар каби ноёб ҳамда йўқолиб бораётган ҳайвон турларини ўрганиш ва ҳужжатлаштириш бўйича илмий экспедициялар ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.

Шунингдек, ҳужжатли фильмлар ва медиа лойиҳалар соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, Ўзбекистон экотизими ва Буюк Ипак йўли ландшафтлари ҳақида “National Geographic” ҳужжатли фильмини яратиш, “Орол денгизи минтақасини тиклаш” мультимедиа лойиҳасини амалга ошириш, маҳаллий аҳолининг анъанавий экологик билим ва барқарор амалиётлари ҳақида материаллар тайёрлаш режалаштирилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Бундан ташқари, томонлар экологик туризмни ривожлантириш ва мамлакатнинг табиий меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Нурота тоғ тизмаси, Орол денгизи минтақаси, Устюрт платоси ва Ғарбий Тянь-Шань истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди. Шу билан бирга, Ўзбекистонни ташкилотнинг “Destinations of a Lifetime” лойиҳасига киритиш имконияти ҳам кўриб чиқилди.

“National Geographic Society” ташкилотининг “Destinations of a Lifetime” лойиҳаси бу – дунёдаги энг ажойиб, ноёб ва боришга арзийдиган жойлар рўйхати саналади. У лойиҳага кирган давлатлар туристлар учун жуда жозибали ҳисобланади, халқаро миқёсда рекламага эга бўлиб, саёҳат қилиш учун “орзу қилинган манзиллар” қаторига киради.

“National Geographic Society” вакиллари ҳамкорлик имкониятларини батафсил ўрганиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюришдан манфаатдор эканини билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш