Logo

Ўзбек дипломатлари Деҳлидаги халқаро жамғарма экспертлари билан учрашди

Ноябрь 18, 2025. 11:36 • 2 дақ

52
Ўзбек дипломатлари Деҳлидаги халқаро жамғарма экспертлари билан учрашди

ДЕҲЛИ, 14 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистоннинг етакчи таҳлилий маркази – Вивекананда халқаро жамғармаси директори Арвин Гупта билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Вивекананда халқаро жамғармаси (Vivekananda International Foundation – VIF) – Ҳиндистоннинг миллий хавфсизлик, ташқи сиёсат, минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий ривожланиш масалаларига ихтисослашган энг нуфузли ва мустақил таҳлилий марказларидан бири ҳисобланади.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг етакчи таҳлилий марказлари, давлат тузилмалари ҳамда ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Жамғарма мутахассислари бундай шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни биргаликда ишлаб чиқишга тайёр эканини билдирди. Ҳиндистондаги сиёсат, хавфсизлик ва бизнес соҳасидаги етакчи экспертлар билан яқин алоқаларга эга бўлган мазкур ташкилот тизимли мулоқотни ривожлантириш учун самарали воситачи бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Шунингдек ўқинг

Арвин Гупта Ҳиндистон Ўзбекистонни анъанавий тарзда минтақадаги асосий ҳамкорлардан бири сифатида кўришини қайд этди. У бугунги кунда Ўзбекистон халқаро ҳамжамият эътиборида бўлган, жадал ривожланаётган давлат эканини урғулади. Унинг сўзларига кўра, умумий цивилизацион алоқалар ва олий даражадаги мустаҳкам дўстона муносабатлар туфайли Тошкент ва Деҳли ўртасидаги алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш учун барча шарт-шароитлар мавжуд.

"Ақл марказлари" йўналишидаги алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. VIF ходимлари Ўзбекистон элчихонасининг етакчи таҳлилий муассасалар ўртасидаги амалий ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича таклифини маъқуллади ва устувор йўналишларда биргаликда ишлашга тайёр эканини билдирди.

Ушбу вазифани амалий рўёбга чиқариш доирасида томонлар 2026 йил январь ойида қўшма давра суҳбати ташкил қилишга келишиб олди. Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликда ўтказиладиган мазкур тадбир доирасида Ҳиндистоннинг етакчи мутахассислари ва экспертлари икки томонлама муносабатлар истиқболларини муҳокама қилиш учун тўпланади.

Дипломатик миссия вакиллари мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар натижалари, шунингдек, Тошкентнинг халқаро майдондаги ташаббуслари ва хорижий ҳамкорлар учун яратилган қулай инвестиция муҳити тўғрисида батафсил маълумот берди.

VIF таҳлилчилари Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни босқичма-босқич ва ҳар томонлама кенгайтириш учун ишончли асос эканини эътироф этди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш